Мияни ҳимоя қилиш учун бу маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг

Невролог Галина Чудинская мия саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи озиқ-овқатлар ҳақида гапириб, қайси маҳсулотлар хотира ва когнитив функцияларни заифлаштириши мумкинлигини тушунтирди. Бу ҳақда у Lenta.ru нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, хотира ва фикрлаш қобилиятига алоҳида бир маҳсулот эмас, балки инсоннинг умумий овқатланиш тарзи таъсир кўрсатади. Унинг сўзларига кўра, шакарли ичимликлар, конфетлар, оқ ундан тайёрланган пишириқлар, тез тайёрланадиган таомлар, колбаса ва бошқа қайта ишланган гўшт маҳсулотлари, шунингдек, спиртли ичимликларнинг ортиқча истеъмоли мия фаолияти учун энг катта хавфлардан бири ҳисобланади.
Шифокорнинг айтишича, бундай маҳсулотлар таркибида шакар, туз, тўйинган ва транс ёғлар кўп бўлади. Бироқ уларда организм учун муҳим бўлган тола, витаминлар ва омега-3 ёғ кислоталари етарли эмас. Натижада мия зарур озиқ моддалар билан кам таъминланади ҳамда яллиғланиш жараёнлари ва қон томир касалликларидан ҳимояси пасаяди.
Галина Чудинскаянинг таъкидлашича, айниқса шакар ва тез ҳазм бўладиган углеводларни ортиқча истеъмол қилиш қонда глюкоза ва инсулин миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлади. Бу эса вақт ўтиши билан сурункали яллиғланиш, ортиқча вазн ва моддалар алмашинуви билан боғлиқ касалликлар ривожланиш хавфини оширади. Бундай ўзгаришлар қон томирлар ҳолатини ёмонлаштириб, миянинг озиқланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Неврологнинг сўзларига кўра, бу жараёнлар диққатни жамлаш, тез фикрлаш ва янги маълумотларни эслаб қолиш қобилиятининг пасайишига олиб келиши мумкин. Шу боис мутахассислар мувозанатли овқатланишга амал қилиш ва зарарли маҳсулотлар истеъмолини чеклашни тавсия этади.






























Изоҳлар 0
…