Миядаги ўсмани билдириши мумкин бўлган ғайриоддий белги маълум қилинди

Онколог, тиббиёт фанлари номзоди, «Гемотест» лабораторияси эксперти Анастасия Фатьянова миядаги ўсманинг ғайриоддий белгиси ҳақида маълумот берди. Шифокор бу ҳақда «Лента» нашрига берган интервьюсида айтди.
Шифокорнинг таъкидлашича, миядаги ёмон сифатли ўсмаларнинг ўзига хос бўлмаган белгиларидан бири кайфиятнинг кескин ўзгариши бўлиши мумкин. Унинг тушунтиришича, агар ўсма миянинг ҳис-туйғулар ва ўзини назорат қилиш учун масъул бўлган қисмларини сиқса ёки зарарласа, инсоннинг хулқ-атвори сезиларли даражада ўзгариши мумкин.
Масалан, аввал ишончли ва вазмин бўлган одам кутилмаганда олдиндан айтиб бўлмайдиган, хотиржам инсон эса ўта таъсирчан ва беқарор бўлиб қолиши мумкин. Илгари ишига қизиқиб ёндашган одам эса бирданига ҳамма нарсага қизиқишини йўқотиб, ўзини четга олиши эҳтимол.
Шифокорнинг қайд этишича, баъзи ҳолларда бундай ўсмага эга инсонлар ўз ҳолатига танқидий баҳо бериш қобилиятини ҳам йўқотади. Натижада улар хавфли ёки ҳатто ноодатий хатти-ҳаракатлар содир этиши мумкин.
«Кўплаб беморлар ва уларнинг яқинлари кейинчалик ташхис қўйилишидан бир неча ой олдин нимадир ўзгарганини англаб етади. Инсон аввалгидек бўлмай қолади — жаҳлдор, бефарқ ёки олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб қолади. Аммо ўша пайтда бу ҳолат ўрта ёш инқирози, ишдаги чарчоқ ёки ёшликка хос максимализм сифатида қабул қилинади», — деди Фатьянова.
Онколог бундай ўзгаришлар одатда аста-секин ривожланиши ва бошқа белгилар билан бирга кузатилишини таъкидлади. Масалан, хулқ-атвордаги янги ва узоқ давом этадиган ўзгаришларга тез-тез бош оғриши, овқатланиш билан боғлиқ бўлмаган кўнгил айниши ва қусиш ёки кўриш қобилиятининг ёмонлашиши қўшилса, саломатликни текширтириш керак.
Аввалроқ мексикалик шифокорлар ҳам бош оғриғи мия саратони белгиларидан бири бўлиши мумкинлигини айтган эди. Мутахассисларга кўра, бош оғриғи доимий тус олиб, вақт ўтиши билан кучайиб борса, мияда ёмон сифатли ўсма борлигини текшириш зарур.






























Изоҳлар 0
…