date

Тошкентда ҳужжатсиз қурилишлар кескин тўхтатилди

Тошкентда ҳужжатсиз қурилишлар кескин тўхтатилди

Тошкент шаҳрида қурилиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та объектнинг фаолияти тўхтатилди. Сўнгги ойларда айрим қурувчилар томонидан амалдаги меъёрлар ва қонунчилик талабларига зид равишда қурилиш олиб борилиши ҳолатлари кўплаб аниқланмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, айрим компаниялар зарур рухсатномаларсиз, экспертиза хулосаларини олмасдан, техник ва лойиҳа ҳужжатларисиз қурилиш бошлаган. Бундан ташқари, улар фуқароларга ҳали қонуний мақомга эга бўлмаган объектлардан хонадонлар сотишни ҳам бошлаган.

Ҳокимлик бу каби ҳолатлар натижасида бир қатор юртдошларимиз фирибгар қурилиш ташкилотларига ишониб, жамғармасини йўқотганини ва уй-жойсиз қолганини таъкидлади. Шу боисдан, ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та объект қурилиши тўхтатилиб, улар электр тармоқларидан узиб қўйилган.

Туманлар бўйича бу объектлар қуйидагича тақсимланган:

. Олмазор – 5 та

. Чилонзор – 5 та

. Миробод – 8 та

. Мирзо Улуғбек – 7 та

. Сергели – 3 та

. Учтепа – 2 та

. Яккасарой – 2 та

. Янгиҳаёт – 17 та

. Яшнобод – 3 та

. Юнусобод – 4 та

. Бектемир – 3 та

Айни вақтда бу объектларда текширув ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда. Ҳокимлик томонидан ҳар бир қонунбузарлик ҳолати юзасидан қонуний чоралар кўрилиши билдирилди. Шу билан бирга, фуқароларни эҳтиёткорликка чақириб, уй-жой харид қилишда қуйидагиларга эътибор қаратиш сўралмоқда:

. Сотиб олинаётган кўчмас мулкка оид ҳужжатларнинг асл нусхаларини — кадастр, экспертиза, техник далолатнома ва кенгаш қарорларини — талаб қилиш ва текшириш.

. Пул маблағларини нақд ёки норасмий йўллар билан эмас, қонуний тартибда тўлаш.

. Қурувчи компания ҳужжатларни кўрсатишга шошилмаса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий ботига мурожаат қилиш.

Ҳокимлик, шунингдек, қурилишда аниқланаётган ҳар қандай қонунбузарлик ва фуқаролар манфаатларига зарар етказувчи ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини ва муросасизлик сиёсати юритилишини таъкидлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда ҳужжатсиз қурилишлар кескин тўхтатилди