Ўзбекистондаги маданий дам олиш боғларидаги техник носоз ёки шубҳали ҳолатдаги аттракционлар ҳақида хабар бериш янада осонлашди. Буни амалга ошириш учун махсус мобил илова — “Аттракцион назорати” яратилди.
Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси маълум қилишича, илова орқали исталган фойдаланувчи ўз ҳудудидаги кўнгилочар масканлардаги потенциал хавфли қурилмалар ҳақида маълумот юбориши мумкин.
Фойдаланиш учун иловага кириб, рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Шундан сўнг фойдаланувчи вилоят, туман ва боғни танлайди ҳамда таҳдидга сабаб бўладиган қурилма тўғрисида мурожаат йўллайди. Энг муҳими, ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши ҳолати реал вақтда кузатиб борилиши мумкин.
Илова ҳозирча Android тизимида ишлайдиган қурилмалар учун мўлжалланган ва уни бепул юклаб олиш мумкин. Шунингдек, мурожаатлар қўмитага 71 203 02 39 рақамли “ишонч телефони” орқали ҳам юборилиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!