Ўзбекистон молия бозорида турли хорижий банклар ҳам ўз фаолиятини амалга ошириб келаётган эди. Бироқ, яқинда мамлакатимизда банк тизимига оид муҳим қарор қабул қилинди.
Марказий банкнинг расмий баёнотига кўра, жорий йил 27 август куни «Евроосиё Банки» акциядорлик жамиятидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия расман қайтариб олинди.
Расмий маълумотда қайд этилишича, мазкур қарор тасодифан қабул қилинмаган. Сабаби шундаки, банк ўз устав капитали миқдорини амалдаги қонунчиликда белгиланган энг кам талабларга мослаштирмаган. Шунингдек, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунчилик нормаларида белгиланган яна бир қатор шартлар ҳам бажарилмаган.
Марказий банкнинг таъкидлашича, мазкур ҳолат молия бозори барқарорлигини таъминлаш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган чоралардан бири ҳисобланади. Чунки банк тизимининг асосий мақсади — аҳолининг ишончига сазовор бўлиш, уларнинг маблағларини хавфсиз сақлаш ва иқтисодиётни барқарор молиялаштиришдан иборат.
Ўз навбатида, «Евроосиё Банки» раҳбарияти ҳам расмий изоҳ билан чиқди. Улар ўз баёнотларида Ўзбекистондаги фаолиятни тўхтатишини маълум қилиб, энди асосий эътиборни Қозоғистон молия бозорига қаратиши ҳақида хабар берди. Банкнинг таъкидлашича, хорижий бозорларда иш олиб бориш катта масъулият талаб этади ва бу жараёнда миллий қонунчилик меъёрларига қатъий риоя этиш зарур.
Шу билан бирга, молия таҳлилчиларига кўра, мазкур қарор мамлакатимиздаги банк сектори учун жиддий қийинчилик туғдирмайди. Чунки Ўзбекистонда ҳозирги кунда йирик маҳаллий ва халқаро банклар сони кўп, улар аҳоли ва бизнес субъектлари учун барча зарур хизматларни тақдим этаётгани қайд этилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!