date

Бухорода 37 нафар ички ишлар ходими янги уйли бўлди

Бухорода 37 нафар ички ишлар ходими янги уйли бўлди

Бухорода Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда. Шу муносабат билан вилоят ички ишлар органларининг 37 нафар ходимига замонавий беш қаватли уйлардан янги хонадонлар топширилди. Ушбу тадбир ходимлар ва уларнинг оилалари ҳаётида катта тарихий воқеа сифатида ёдда қолиши шубҳасиз.

Тантанали маросимда ички ишлар тизими ходимлари, уларнинг яқинлари, маҳаллий фаоллар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари в.б. Улуғбек Шукурлаевнинг таъкидлашича, давлатнинг бу каби ташаббуслари ходимларнинг меҳнатига берилган юксак эътироф ҳисобланади.

Тадбирда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Икромжон Турсунов ҳам нутқ сўзлаб, ички ишлар органларини ислоҳ қилиш ва тизимни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, моддий-техника базани мустаҳкамлаш, хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ва улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳукумат сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда вилоятда 371 нафар профилактика инспектори шахсий уйлари билан таъминланган ҳамда имтиёзли кредитлар асосида енгил автомобилларга эга бўлган. 2019 йилда эса яна 30 нафар ички ишлар ходими кўп қаватли уйларга кириш имкониятига эга бўлган. Бундай амалий ишлар йил сайин изчил давом этмоқда ва хизматчиларнинг турмуш даражасини яхшилашда муҳим омилга айланмоқда.

Маросим чоғида уй калитини қабул қилиб олган ходимлардан бири — Зарина Жўраева ўзининг миннатдорчилигини билдирди. У оиласи билан узоқ вақт ижара уйда яшаб келганини, бу эса турли қийинчиликларни келтириб чиқарганини айтиб ўтди. Энди эса янги, замонавий хонадон уларнинг ҳаётига катта қулайлик олиб келишига ишонч билдирди. Янги уйлар атрофида умумий ўрта таълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси мавжудлиги эса бу қулайликни янада оширди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бухорода 37 нафар ички ишлар ходими янги уйли бўлди