Ўзбекистонда шу ҳафтанинг дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати босқичма-босқич ошиб боради. Синоптикларнинг маълумот беришича, якшанба куни ҳаво кундузи +32…+34 даражагача етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимолдан холи эмас.
19–21 сентябрь кунлари мамлакатнинг катта қисмида ҳаво асосан ёруғ ва бироз булутли бўлади. Аксар ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” ахборот хизмати маълум қилди.
Жума куни кундузи ҳаво +25…+28 даражани ташкил этса, республиканинг жанубий қисмида +30 даражагача кўтарилади. Шанбада чўл минтақалари ва жанубда ҳаво янада исийди, якшанба куни эса марказий ҳудудларда ҳарорат +32…+34 даражага чиқиши прогноз қилинмоқда.
20–21 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон ва Хоразмда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бу ҳудудларда ҳарорат +23…+28 даража атрофида бўлади.
Шу билан бирга, шимолий ҳудудлар ва чўл минтақаларида шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши мумкинлиги айтилмоқда. Айрим ерларда шамол билан бирга чанғ-тўзон кузатилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Пойтахт Тошкентда эса дам олиш кунлари ҳаво бироз булутли ва вақт-вақти билан ўзгарувчан бўлади, аммо ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан соатига 3–8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат жума куни +26 даража, шанба куни +28…+30 даража, якшанба куни эса +32…+34 даражагача кўтарилиши башорат қилинмоқда.
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво янада исийди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар