Муддати ўтган маҳсулот сотганларга жарима миқдори кескин оширилади

Муддати ўтган маҳсулот сотганларга жарима миқдори кескин оширилади

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда. Сенатнинг ялпи мажлисида “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Ҳужжат истеъмолчиларни хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган.

Қонун билан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг мажбуриятлари аниқлаштирилади. Улар маҳсулотларни доимий равишда хавфсиз ҳолда сақлаши ва муомалага чиқариши талаб этилади.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини кучайтириш ва уни амалга ошириш тартибини халқаро талабларга мослаштириш кўзда тутилган.

Ҳужжатда гигиена, ишлаб чиқариш, чорвачилик ҳамда қишлоқ хўжалиги амалиёти каби тушунчаларни қонунчиликка киритиш ҳам назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб ва хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларга нисбатан қўйиладиган талаблар ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Янги қоидалар озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ишлаб чиқариш ва сотиш устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Сенат маълумотига кўра, қонун аҳолининг хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ҳуқуқини таъминлаш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтиришга қаратилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар