Фуқароларни тезроқ қайтариш учун янги механизм иш бошлади

Яқин Шарқ мамлакатларига туроператор ёки турагентлар орқали сайёҳлик мақсадида борган Ўзбекистон фуқаролари учун махсус Telegram-бот ишга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, @tourism_murojaat_bot фуқаролар ноқулай ёки мураккаб вазиятда қолиб кетишининг олдини олиш мақсадида яратилган. Мазкур бот орқали сайёҳларнинг ўзи ёки уларнинг яқин қариндошлари тегишли маълумотларни киритиб, Туризм қўмитасини хабардор қилиши мумкин.
Маълум қилинишича, ушбу мурожаатлар асосида фуқароларни биринчи навбатда Ўзбекистонга қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилади. Бу эса чет элда қолиб кетган ватандошлар ҳақида тезкор маълумот олиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Шу билан бирга, бот орқали мурожаат қолдиришда фуқаролардан аниқ ва тўлиқ маълумот тақдим этиш сўралмоқда. Масъуллар бу ҳолат мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва тегишли ёрдамни ўз вақтида ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!