Россияда қўриқхоналарга саёҳат қилиш учун янги рақамли хизмат ишга тушди

Россиянинг “Давлат хизматлари” (Госулуги) порталида мамлакатнинг қўриқланадиган ҳудудлари бўйлаб саёҳатларни ташкил этишга мўлжалланган янги сервис ишга туширилди. Бу ҳақда ҳукумат раиси ўринбосари Дмитрий Григоренко маълум қилди. Эндиликда фойдаланувчилар “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга ташриф буюриш” деб номланган махсус бўлим орқали ўз саёҳатларини режалаштиришлари мумкин. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги рақамли хизмат қўриқхоналар, миллий боғлар ва буюртмахоналарга кириш учун онлайн тарзда электрон рухсатнома олиш, шунингдек, шахсий транспорт воситалари учун рақамли рухсатномаларни расмийлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, сервис орқали ноёб туристик маршрутлар билан танишиш ва имтиёзли рухсатномалар сотиб олиш ҳақида маълумот олиш мумкин.
Ҳозирги вақтда тизим орқали 36 та ҳудудга ташриф буюриш учун рухсатномалар мавжуд бўлиб, йил якунига қадар уларнинг сонини 60 тага етказиш режалаштирилган. Қўриқланадиган ҳудудлар икки йўналишга бўлинган: фаол дам олиш учун “Табиат пульси” ва сокин ҳордиқ учун “Сукунат олами” тоифалари жорий этилган.
Интерактив харита ва фильтрлар тизими фойдаланувчиларга керакли минтақа ёки федерал округдан мос жойни топишга ёрдам беради. Мавжуд объектлар орасида УНEСКО мероси ҳисобланган Олтой қўриқхонаси ва “Кенозерский” миллий боғи, шунингдек, Карелиядаги Кивач шаршараси каби машҳур манзиллар бор.
Ушбу лойиҳа давлат хизматларини кўрсатиш тизимининг янги босқичи бўлиб, у “ягона дарча” тамойили асосида ишлайди. Битта сервис ўртача 17 та турли хизматларни бирлаштирган ҳолда, мураккаб вазифаларни масофадан туриб тезкор ҳал қилиш, саёҳатга тайёргарлик вақтини қисқартириш ва туристлар учун қулайликни оширишга хизмат қилади.






























Изоҳлар 0
…