Саудия Арабистони Ҳаж мавсуми олдидан қандай янги тартибларни жорий қилди?

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги 1447 ҳижрий йил, яъни 2026 йил ҳаж мавсумига тайёргарлик доирасида Макка шаҳрига кириш ва умра амалларига оид янги тартибларни эълон қилди.
Янги қоидаларга кўра, 2026 йил 13 апрелдан бошлаб Макка шаҳрига кириш учун махсус рухсатнома бўлиши шарт этиб белгиланди. Ушбу рухсатномасиз фуқароларнинг шаҳарга кириши тақиқланади.
Бироқ айрим тоифаларга истиснолар берилади. Макка шаҳрида яшаш рухсатномасига эга бўлганлар, ҳаж визаси бор фуқаролар ҳамда муқаддас ҳудудларда ишлаш учун электрон рухсат олган шахслар учун чекловлар қўлланилмайди.
Шунингдек, умра визаси билан келганлар учун мамлакатни тарк этишнинг сўнгги муддати 2026 йил 18 апрель этиб белгиланган. 18 апрелдан бошлаб умра рухсатномаларини бериш вақтинча тўхтатилади ва бу чеклов 31 майгача давом этади.
Бундан ташқари, 18 апрелдан кейин ҳаж визасига эга бўлмаган барча хорижликларнинг Макка шаҳрига кириши ва у ерда қолиши қатъиян тақиқланади.
Вазирлик ушбу чоралар ҳаж мавсумини хавфсиз ва тартибли ўтказиш учун жорий этилаётганини билдириб, қоидаларга амал қилмаган шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чора кўрилишини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!