Қашқадарёда кутилмаганда қор ёғди

Бугун, 4 сентябрь куни Қашқадарё вилоятидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг юқори ҳудудларида кутилмаганда қор ёғди. Ҳудудда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, совуқ об-ҳаво кузатилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, қўриқхонанинг Мираки ва Ғелон бўлимлари юқори ҳудудлари қор билан қопланган. Шунингдек, “Ҳисор” давлат қўриқхонасида ҳавонинг кескин совиши қайд этилган.
Маълумот учун, “Ҳисор” давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятида ташкил этилган. Қўриқхонани барпо этишдан асосий мақсад “Ҳисор” тизмаси шимоли-ғарбий тармоқларидаги табиий комплексларни асл ҳолича сақлаб қолиш, уларда кечаётган табиий жараёнларни ўрганиш, табиатни муҳофаза қилишнинг илмий асосларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, ёввойи табиатдаги ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашдан иборат.

Қўриқхона ҳудуди Ғелон, Мираки, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимларидан ташкил топган.
Айни пайтда қўриқхонанинг баланд тоғли ҳудудларида кузатилган қор ёғиши ва ҳавонинг кескин совиши диққатни тортмоқда. Бу ҳудуднинг тоғли иқлими ва табиий шароити ўзига хос эканини яна бир бор кўрсатди.






























Изоҳлар 0
…