13:23 / 12.04.2019
4 170

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими тубдан ислоҳ қилинади (фото)

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими тубдан ислоҳ қилинади (фото)
Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати
Жорий йил 2-11 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва бандлик масалалари бўйича Алекс Аппия-Корантенг (Давлат сектори бўйича бош мутахассис) бошчилигидаги Жаҳон банки миссияси фаолият олиб борди.

Молия вазирлиги хабарига кўра, ушбу ташриф давомида халқаро экспертлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш мақсадида Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари билан учрашишди.

Бугунги кунда халқаро экспертлар иштирокида давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича Йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Йўл харитаси икки босқичдан иборат бўлиб, 1,5 йилдан 3 йилгача бўлган муддатда амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати
Биринчи босқичда иш ҳақи ва кадрлар бошқаруви масалалари бўйича мустақил давлат органи, шунингдек, ислоҳотларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган идоралараро комиссия ташкил этилиши назарда тутилган. Дастлабки босқичда давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлашни белгилаш методологияси, жумладан иш ҳақи миқдорига таъсир қилувчи мезон (омил)ларни ҳамда ҳар бир лавозим бўйича функционал мажбуриятларни белгилаш методологияси ишлаб чиқилади. Ушбу босқичда иш ҳақи миқдорини аниқлашнинг янги тизимини 5-6 та тармоқ вазирликлари ва идораларда тажриба сифатида қўллаш режалаштирилмоқда.

Иккинчи босқичдаги энг асосий вазифа бўлиб, барча вазирликлар, идоралар ва давлат ташкилотлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг тўлиқ функционал таҳлилини ўтказиш, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш ва тарифларнинг янги тизимини босқичма-босқич жорий этишдан иборат бўлади.

Жаҳон банки экспертлари Йўл харитаси лойиҳасида кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун иш ҳақи ва устамалар тузилмасини қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлаш ва бандлик тизимини ислоҳ қилиш натижасида қуйидаги стратегик мақсадларга эришиш кутилмоқда:

• давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг молиявий барқарорлигига эришиш;
• давлат секторида меҳнат ресурсларининг самарадорлиги ва натижавийлигини ошириш;
• кадрлар бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш;
• давлат секторида ходимлар меҳнатига мутаносиб иш ҳақи тўланишининг шаффофлиги, адолатлилиги ва тенглигини таъминлаш ҳисобидан ҳар томонлама муносиб иш жараёнини жорий этиш.

Бундан олдин, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига алоқадор камчиликлар маълум қилинганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими тубдан ислоҳ қилинади (фото)