23:35 / 07.03.2018
6 315

Жангарилар 2018 йил баҳорда Россияга оммавий ҳужум уюштиришни мўлжаллашмоқда

Жангарилар 2018 йил баҳорда Россияга оммавий ҳужум уюштиришни мўлжаллашмоқда
Сурия ва Ироқдаги муваффақиятсизликлардан кейин дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангари каллакесарлар гуруҳи аъзолари турли манзилларга қочиб бориб, ўша ерда ўзларининг чиркин ишларини давом эттиришга уринмоқда. Чеченистон, Доғистон ва яна Кавказнинг бошқа ҳудудларидан Сурияга бориб Аль-Бағдодийнинг хизматини қилган жангарилар энди ёппасига Грузияга кириб келмоқда. Улар кириб келиб тинч ўтирмоқчи эмас. Балки, Россияда шу йил баҳор ойларида кўплаб террор ҳаракатларини амалга оширишни ният қилишган.

«Вашингтон пост» газетаси хабарига кўра, шу кунларда элликдан ортиқ жангари Грузия ичкарисига келиб ўрнашган. Улар Грузияда ўзларининг шахсий жангари гуруҳларини тузишга ҳам киришиб улгуришган. Грузиялик жангариларга Чеченистон, Доғистондан келган террорчилар ҳам бажонидил қўшилишмоқда.

Ҳа-да, бир пайтлар Грузияни Михаил Саакашвили бошқарган. Ўшанда Россияга қарши фикр ҳамда ҳаракатга эга ҳар бир одам Саакашвили тарафидан қўллаб-қувватланган, илҳомлантирилган. Ҳозир ҳам деярли шундай. Грузиянинг амалдаги ҳукумати ҳам Россияга қарши сиёсат олиб боришдан мосуво эмас. Шунинг учун ҳам Сурия, Ироқдан қувилган террорчилар Грузияга келиб ўрнашишни маъқул кўришяпти. Улар ўзларини мухолифатчи, Рамзан Қодировнинг душмани деб аташдан ҳам тийила олишмаяпти…

Кўпчиликка маълум, кейинги йилларда дунёнинг турли бурчакларидан Сурияга йўл олган радикал характерга эга жангарилар Туркия орқали манзилига етган. Уларни чегарада ҳеч ким тўхтатмаган. Ҳозир ҳам жангарилар омадсизликка учрагач, яна Туркия орқали кўзланган манзилга етиб олиш илинжида ҳаракатланмоқда. Эрдўған ҳам уларга қарши ҳеч қандай ҳаракат содир этмаяпти. Айниқса, Туркияда икки йил олдин амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишдан кейин Эрдўған армия таркибида росмана тозалов ишларини олиб борган. Буни ҳам дунё аҳли билади. Шундан бери Туркия орқали ўтиш тугул, шу мамлакат ичкарисида яшаб қолишни хоҳлаган одам умуман қаршиликка учрамайди. У Туркияда яшаб ўзи истаган иш билан шуғулланиши мумкин. Фақат Эрдўған юритаётган сиёсатга аралашмаса, халал бермаса бас. Қолаверса, Туркия ҳукумати террорчиларни чегарада ушлаб туриш, ёки уларнинг бошқа давлатга ўтиб кетишига тўсиқ қўйиш нотўғри эканини англаб етган. Ортиқча бош оғриққа дучор бўлгандан бу оғриқни нари суриш тўғри эканини идрок қилиб улгурган. Шунинг учун чегарада жангариларга деярли халал берилмаяпти. Ҳужжати жойидами, тамом, ўтиб кетмоқда. Улар билан жанжаллашиш, қарама-қаршиликлар бефойда эканини турклар жуда яхши тушуниб қолишган…

«Вашингтон пост» газетасидаги мақолада тилга олинган 50 нафар грузиялик жангари ўта хавфли радикал кучлар экани тан олинди. Буни Грузиядаги сиёсатчилар, ҳарбий мутахассислар ҳам расман тан олишмоқда. Айнан уларнинг Россия шаҳарларида ўта кучли террор ҳаракатлари содир этишига ишонишмоқда. Шу ўринда мутахассислар дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангарилар гуруҳи аъзоси, жуда хавфли каллакесар Аҳмад Чатаевни ёдга олишди. Чатаев ўз даврида Грузияга кириб келиб бир қатор портлашлар сериясини амалга ошириш ниятида бўлган. Грузия ҳукумати, махсус хизмати эса ўшанда ҳам хавфли террорчиларга қарши курашиш тажрибасига камроқ эгалик қилган. Улар Чатаев мамлакатга бемалол кириб келиб мустаҳкам жойлашганидан ҳам бехабар бўлишган экан. Фақат Америка марказий разведка бошқармасидагилар расман мурожаат этиб, Чатаевни йўқ қилиш йўлларини қидириш зарурлиги ҳақида айтишгачгина грузинлар ҳаракатга тушиб қолишди. Шунда ҳам Чатаев билан Грузия махсус хизмати вакиллари бир кеча-кундуз давомида ўқлар ёмғирини «олди-берди» қилишгандан сўнггина террорчи ўлдирилган.

Ҳозирги кунда ҳам Грузия разведка хизмати раҳбари Давид Сужашвили Россияни ўз мамлакати учун асосий хавф деб билади. Ўтган ҳафтада парламент қаршисида сўзга чиқиб яна шу ҳақда тўхталиб ўтди. Бу мамлакат билан бирга жангариларга қарши курашиш ақлга сиғмас иш эканини алоҳида таъкидлади.

Россия тарафи-чи? Улар бир кунмас бир кун Грузия ҳукумати албатта Россиядаги ҳамкасбларга мурожаат этиб, терроризмга қарши шафқатсиз кураш йўлида кучларни бирлаштириш таклифини киритишига умид боғлашмоқда.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жангарилар 2018 йил баҳорда Россияга оммавий ҳужум уюштиришни мўлжаллашмоқда