Фото: «Tehran Times»
Cўнгги ҳафталарда Яқин Шарқ мамлакатлари НАТО каби ҳарбий тузилмага асос солиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Хусусан, Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II АҚШнинг CNBC телеканалига берган интервьюсида минтақада НАТО каби ҳарбий иттифоқ тузиш ғоясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Иордания етакчиси, айни чоқда, иттифоқ аниқ механизм асосида ташкил этилмас экан, унинг умри кўпга бормаслигини ҳам тан олди.
Яна саноқли кунлардан кейин Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Яқин Шарқ мамлакатлари саммити бўлиб ўтади. Кўрфаз мамлакатлари, шунингдек, Иордания, Миср, Ироқ раҳбарлари қатнашадиган саммитга фахрий меҳмон сифатида АҚШ президенти Жо Байден ҳам таклиф этилган. Яқин Шарқда ҳарбий иттифоқ таъсис этилиши борасидаги хабар ушбу йирик машварат арафасида тарқалгани эътиборга моликдир. Қолаверса, бир неча кун аввал Wall Street Journal нашри Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида АҚШ шафелигида, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар, Иордания ва мезбон мамлакат вакиллари иштирокида махфий музокара ўтказилгани ҳақида ёзди.
Таҳлилчилар Шарм аш-Шайх учрашувини умумий таҳдидга қарши стратегия ишлаб чиқиш йўлидаги илк қадам деб баҳоламоқда. Ўтган ҳафта Исроил мудофаа вазири Бени Ганц ҳам АҚШ раҳбарлигида Яқин Шарқ ҳаво ҳужумидан мудофаа иттифоқи (MEAD) таъсис этилаётганидан гап очди. Буларнинг бари минтақа давлатлари ҳарбий иттифоқ тузиш борасида қатъий қарорга келганидан далолат бераётгандек.
Қайд этиш жоизки, минтақа давлатлари биринчи навбатда Эронга қарши курашиш учун бирлашмоқда. Яқин Шарқ мамлакатлари Теҳрон томонидан олиб борилаётган ядро дастурини ўз хавфсизлигига муқаррар таҳдид деб билади. Улар, айни чоқда, АҚШ Эронга нисбатан юмшоқ сиёсати олиб бораётганидан ҳам очиқ ёзғиради.
Тахминларга кўра, Яқин Шарқ НАТОси Исроил, Миср, Иордания, БАА, Баҳрайн, Марокаш, Саудия Арабистони, Ўмон, Қатар ва Кувайт иштирокида ташкил этилади. Эрон билан яқин муносабатларга эга Сурия, Яман, Ироқ ва Ливан ҳарбий иттифоққа қўшилиши истисно этилмоқда.
Айни чоқда, бир гуруҳ таҳлилчилар Яқин Шарқда ҳарбий иттифоқ тузилишига ишончсизлик билан қарамоқда. Гап шундаки, НАТО каби бирлашма таъсис этилиши аъзо мамлакатлар ўртасида фаол разведка маълумотлари алмашувини тақозо этади. Аммо ҳозирда минтақа давлатлари ўртасида ишонч у қадар юқори эмас. Масалан, Саудия Арабистони ва Исроил ўртасида жосуслик маълумотлари алмашувини тасаввур қилиб бўлмайди.
«Айни пайтда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш кун тартибидаги долзарб масала бўлиб қолмоқда. Аммо «Араб НАТО»си ғояси яқин муддатда амалга ошишига кўзим етмайди», – дейди Вашингтондаги Янги Америка хавфсизлиги маркази таҳлилчиси Бекка Вассер.
Экспертларнинг бу борада пессимистик хулоса бераётгани бежиз эмас. Чунки минтақада ҳарбий иттифоқ тузиш бўйича аввалги уринишлар муваффақиятсиз якунланган. 1950-йилларда Яқин Шарқда эҳтимолий совет босқинига қарши CENTO тузилмаси ташкил қилинган. Аммо самарасиз деб топилган уюшма 1979 йилда тарқатиб юборилган. АҚШ президенти Дональд Трамп даврида Яқин Шарқ стратегик иттифоқи (MESA) ташкил этилиши эълон қилинган, аммо бу ташаббус ҳам рўёбга чиқмай қолиб кетди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мақола аввалида эслаб ўтилган – Жидда шаҳрида ўтиши кутилаётган олий даражадаги саммитдан кейин янги ҳарбий иттифоқ хусусида узил-кесил фикр айтиш мумкин бўлади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи