date
views 1 853

Байден Саудия Арабистонига Россияга «қарши туриш» учун боради

Байден Саудия Арабистонига Россияга «қарши туриш» учун боради
Фото: AP
Кўпчилик томонидан танқид қилинаётган сафари олдидан у Washington Post газетасига ёзган мақоласида Саудия ҳукумати АҚШ маъмурияти билан жаҳон бозорига нефть етказиб беришни кўпайтириш ва нефть нархини пасайтириш бўйича иш олиб бораётганини айтди.

«Президент сифатидаги вазифам мамлакатимнинг кучини ва хавфсизлигини таъминлашдир. Биз Россия агрессиясига қарши туришимиз, Хитой билан рақобатда ғалаба қозониш учун энг яхши позицияни эгаллашимиз, дунёнинг муҳим минтақасида барқарорликни ошириш учун ҳаракат қилишимиз керак», - деди Байден.

«Бунинг учун биз қиладиган ишимиз натижаларига таъсир ўтказа оладиган давлатлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни ўрнатишимиз керак. Саудия Арабистони шулардан бири», - деб қўшимча қилди у.

АҚШ президенти Саудия Арабистони раҳбарлари билан жума куни бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувдан мақсад «Американинг фундаментал қадриятларига содиқликни сақлаб қолган ҳолда умумий манфаатлар ва масъулиятга асосланган стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» деб атади.

Байден учрашадиган етакчилар орасида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам бор. АҚШ уни саудиялик мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадорликда гумонлаган.

«Мен Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича разведка ҳисоботини эълон қилдим, янги санкциялар қўлладим... Хорижда диссидентларни таъқиб қилган шахсларга нисбатан АҚШга киришни тақиқловчи қоидани 76 марта қўлладим», деди Байден.

2018 йилда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида журналист Қошиқчи ўлдирилганидан сўнг, АҚШ расмийлари валиаҳд шаҳзода яқинларига қарши санкциялар киритган эди. АҚШ разведка идораларига кўра, валиаҳд шаҳзода қотиллик ҳақида билган ва ижрочиларга буйруқни айнан у берган бўлиши мумкин. Саудия Арабистони буни рад этиб келмоқда.

Байденнинг айтишича, унинг мақсади 80 йил давомида Қўшма Штатларнинг стратегик ҳамкори бўлиб келган давлат билан муносабатларни «узиш эмас, балки янги йўналишга буриш» бўлган.

Байден 13-16 июль кунлари Исроил, Ўрдун дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Саудия Арабистонига боради. Бу унинг президентлик давридаги Яқин Шарққа қилган илк ташрифи бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден Саудия Арабистонига Россияга «қарши туриш» учун боради