date
views 1 924

Украинадаги уруш: Россияликларнинг Қримдаги авиабазасида портлашлар рўй берди

Украинадаги уруш: Россияликларнинг Қримдаги авиабазасида портлашлар рўй берди
Фото: ТАСС
9 август куни тушдан кейин Қримнинг Саки районидаги Новофедоровка курорт посёлкасида давомли портлашлар кузатилди. Маҳаллий аҳоли вакиллари Reuters мухбирига россияликларнинг ҳарбий авиабазаси томонда қуюқ тутун кўтарилгани ҳақида хабар беришди.

Россия мудофаа вазирлиги соат 15:20 атрофида Новофедоровка ҳудудидаги «Саки» аэродромида авиация ўқ-дорилари сақланган майдонда детонация (портлашлар) бўлгани ҳақида маълум қилган. Мудофаа вазирлиги портлашлар оқибатида ҳеч ким жабрланмагани, аэродромдаги авиация техникаларига шикаст етмаганини таъкидлаган.

«Юзага келган ёнғинни ўчириш ва портлаш сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Воқеа жойидан берилган ҳисоботга кўра, аэродромдаги ўқ-дорилар сақланадиган майдонга ҳеч қандай зарба келиб тушмаган», дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарида.

Россия нашрлари Новофедоровкада бир неча портлашлар рўй бергани ҳақида ёзмоқда. Гувоҳлар Mash мухбирига ҳар дақиқада «снарядлар детонациясини эслатувчи овозлар» эшитилиб турганини айтган. «Коммерсант» газетаси Новофедоровка маъмуриятидаги манбага асосланиб Қримдаги Саки ҳарбий аэродромига ва ўқ-дорилар омборига ҳужум қилингани тўғрисида хабар берган. Газета дастлабки маълумотларга кўра учиш-қўниш полосасидаги ўқ-дорилар омборида ёнғин бошланганини хабар қилган. RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян эса манбага ҳавола бермаган ҳолда «воқеа жойидагилар, бу ракета зарбаси эмас, балки диверсия ҳаракати оқибати деб ўйлаётгани» ҳақида ёзган.

Қримнинг Саки районида эвакуация эълон қилинган. Расмийлар Новофедоровка атрофида беш километр масофада хавфсизлик зонаси ташкил этиб, атрофни ўраб олган.

Қрим раҳбари Сергей Аксеновнинг сўзларига кўра, атроф маҳаллий аҳоли жабрланишининг олдини олиш мақсадида ўраб олинган, йўл ҳаракати полицияси бригадалари ва пиёда патруллар ишламоқда.

ТАСС Новофедоровкадаги портлаш оқибатида беш киши жароҳат олганини, улардан бири 13 ёшли бола эканини маълум қилди. Қрим фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ярадорлардан бири жарроҳлик амалиётига юборилган.

Сергей Аксенов Новофедоровкадаги портлашлар оқибатида бир киши ҳалок бўлганини айтди. У бутун район бўйлаб эвакуация ишлари амалга оширилмаётгани, фақат ҳарбий аэродромга жуда яқин жойлашган уйлар аҳолиси кўчирилаётганини таъкидлаган.

Украина томони ҳозирча бу борада расмий изоҳ бермади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги уруш: Россияликларнинг Қримдаги авиабазасида портлашлар рўй берди