1 078
Еврокенгаш раҳбари Европа мамлакатдан қочаётган россияликларни қабул қилиши кераклигини айтди

Фото: EPA
Еврокенгаш раиси Шарль Мишель мамлакатдан қочиб кетмоқчи бўлган Россия фуқароларини ўз ҳудудига киритиши кераклигини маълум қилди, деб ёзади Meduza.
«Европа иттифоқи ўз сиёсий қарашлари туфайли хавф остида бўлганларни қабул қилиши керак. Агар Россияда одамлар ўз сиёсий қарашлари сабабли, улар Кремлнинг Украинада уруш бошлашга оид тентакона қарорини қўллаб-қувватламаслиги сабабли хавф остида бўлса, биз буни ҳисобга олишимиз керак. Янги ҳолат юзага келгани — Россияда қисман сафарбарлик эълон қилингани муносабати билан саъй-ҳаракатларимизни тезликда мувофиқлаштиришимиз кераклигига қўшиламан», — деди Мишель.
Аввалроқ бир қатор европалик сиёсатчилар — хусусан, Литва ташқи ишлар вазири — уларнинг мамлакатлари сафарбарликдан қочаётган россияликларга бошпана бермаслигини маълум қилганди. Европалик баъзи ҳуқуқшунослар қайд этишича, бундай сиёсат Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга ва Евроиттифоқнинг бошпана тақдим этиш тўғрисидаги қонунига зиддир.
Шунингдек, Германия муайян ҳолатларда Россия армияси дезертир (қочоқ)ларига ва «Путин режимига қарши бўлганлар»га бошпана беришга тайёрлигини билдирганди. Айни вақтда Чехия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат сафарбарликдан қочаётган Россия фуқароларига гуманитар визалар бермоқчи эмаслигини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар