
Фото: Reuters
Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Эрон томонидан Россияга учувчисиз учоқлар ва қисқа масофали баллистик ракеталар етказиб бериш бўйича келишувларга 6 октябрь куни Москвада эришилган.
Эрон Россияга ер-ер синфидаги ракеталар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларининг (УУА) қўшимча партиясини етказиб беришни ваъда қилди. Бу ҳақда 18 октябр, сешанба куни икки нафар Эрон расмийси ва икки нафар эронлик дипломатга иқтибос келтирган ҳолда Reuters агентлиги хабар берди.
Россия томони «айниқса Fateh ва Zolfaghar туридан бўлган кўпроқ учувчисиз учоқлар ва Эрон баллистик ракеталарини сўради», деди дипломатлардан бири.
Келишувдан хабардор бўлган Ғарб расмийси Теҳрон ва Москва ўртасида ер-ер синфидаги қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни, шу жумладан йўл-мобил бир босқичли қаттиқ ёқилғили Zolfaghar'ни етказиб бериш бўйича келишув борлигини тасдиқлади.
Fateh - Эроннинг бир босқичли қаттиқ ёқилғили «ер-ер» мобил ракетаси. Иккаласи ҳам 300 дан 700 кмгача бўлган масофадаги нишонларни уришга қодир.
Агентлик маълумотларига кўра, келишув 6 октябр куни Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлиги икки вакили ва Ислом Республикаси Миллий хавфсизлик олий кенгаши вакилининг қурол-яроғ етказиб бериш бўйича музокаралар учун Москвага ташриф буюрганида мувофиқлаштирилган.
Эрон тақдим этишга рози бўлган дрон турларидан бири - Shahed-136, ҳаво-ер синфидаги камикадзе дрони бўлиб, оғирлиги 50 килограмм бўлган жанговар каллак билан жиҳозланиши мумкин.
Шу билан бирга, эронлик дипломат Теҳрон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2015 йилдаги 2231-резолюциясини Россияга учувчисиз учоқлар етказиб бериш орқали бузаётганини инкор этди.
«Улар (қуроллар) қаерда ишлатилиши сотувчи учун бериладиган савол эмас. Биз Украина инқирозида тараф олмаймиз - Ғарбдан фарқли ўлароқ. Биз инқирозни дипломатик йўллар билан тугатишни хоҳлаймиз», - дейди агентлик суҳбатдоши.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия Украинадаги кампаниясида Эрон дронларидан фойдалангани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Кремлда бундай маълумотлар йўқлигини айтди.
«Бизда бундай маълумотлар йўқ. Россия техникасидан фойдаланилади, бу ҳақда ўзингиз биласиз, русча номлар билан. Қолган барча саволлар билан Мудофаа вазирлигига мурожаат қилиш мумкин», - деди Песков.
Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.
Украина президенти Володимир Зеленский 17 октябр куни кечки видеомурожаатида 12 соат ичида, 16 октябр соат 21:00 дан Эронда ишлаб чиқарилган 37 та Shahed'лар ва бир қанча қанотли ракеталар йўқ қилинганини билдирди.
Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер, ўз навбатида, брифингда Россия томонидан Украинадаги ҳарбий ва фуқаролик нишонларига нисбатан зарба беришда Эрон қуролларидан фойдаланганига оид «тўлиқ далиллар» борлигини айтди. Қўшма Штатлар Россия-Эрон қурол савдосига қарши санкцияларни «қатъий» амалга оширишда давом этади, дея маълум қилди Оқ уй.
Эрон дронларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган технология АҚШ санкцияларига дучор бўлиши мумкин, дея огоҳлантирди АҚШ ташқи сиёсат идораси. «Россия ва Эрон ўртасидаги иттифоқнинг чуқурлашиши бутун дунё ва айниқса, минтақада жиддий таҳдид сифатида қабул қилиниши керак бўлган нарса», - деди Давлат департаменти вакили.
17 октябр куни эрталаб Киев марказига Россия учувчисиз учоқлари ҳужум қилди. Шевченко туманида бешта портлаш содир бўлди, шаҳарга 28 та дрон ҳужум қилди, уларнинг аксарияти автоматик қуроллар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилди, деди шаҳар мэри Виталий Кличко.
«Улар (Россия ҳарбийлари) бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизга калит топдилар, у бизни учувчисиз учоқларга қарши курашда бутун ракета заҳирасини ишлатишга мажбур қилишдан иборатдир», — деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович Россия учувчисиз учоқлари ҳужумлари фонида.
«УУАларнинг биринчи партияси 300 дона, иккинчи партияси эса анча каттароқ. Жами - 2400 дона», деди у. Арестовичнинг фикрича, Россия 2-3 ой давомида дронлардан фойдаланган ҳолда Украинага ҳозирги суръатда ҳужум қилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар