11:19 / 08.06.2023
649

Симонян урушни тўхтатишни таклиф қилди ва жиддий танқидга учради

Симонян урушни тўхтатишни таклиф қилди ва жиддий танқидга учради

Фото: Видеодан кадр

Кремлпараст ОАВ ва блогерлар RT бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг Белгород области ўққа тутилмаслиги учун урушни тўхтатиш ва Украинанинг «баҳсли ҳудудларида референдумлар» ўтказиш кераклиги ҳақидаги сўзларини муҳокама қилмоқда.

Тарғиботчи бу ҳақда 4 июн куни «Россия 1» телеканалидаги «Вечера с Владимиром Соловьевым» кўрсатувида гапирди. Симонян бир кун аввал Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто томонидан таклиф қилинган Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасида келтирилган таърифлардан фойдаланган. У зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, қуроллардан холи ҳудуд яратиш ва унда халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш, шунингдек, БМТ воситачилигида «баҳсли ҳудудлар»да референдумлар ўтказиш тарафдори эди.

[media=https://twitter.com/princdatskij/status/1666342666827894786?ref_src=twsrc%5Etfw%7Ctwcamp%5Etweetembed%7Ctwterm%5E1666342666827894786%7Ctwgr%5E49a807bc83e9ef7d4d890b5f86162af2dafce6a8%7Ctwcon%5Es1_&ref_url=https%3A%2F%2Fkun.uz%2Fnews%2F2023%2F06%2F08%2Fsimonyan-urushni-toxtatishni-taklif-qildi-va-jiddiy-tanqidga-uchradi]

Meduza нашри Симоняннинг нутқидан баъзи иқтибосларни келтирди.

— Украина қуролли кучлари узоқ масофага учувчи ракеталар ва қирувчи самолётларни олади. Улар бизга, бизнинг ҳудудларимизга зарба беради. Белгород областига, ундан ҳам узоқроққа, Воронеж областига, Худо кўрсатмасин, Ростов, қадрдон Краснодарга. Қрим ҳақида гапирмаяпман.

Шундан кейин биз учун «қизил чизиқ» нима бўлади? Биз ҳали бу чизиқни кесиб ўтганимиз йўқ — бизга қарши урушаётганларга зарба бермадик. Шундай пайт келадики, биз қирувчи самолётлар учадиган аэродромларга, буларнинг барчаси ишлаб чиқариладиган заводларга, портларга зарба беришимиз керак бўлади. Лекин охир-оқибат улар ҳам худди шундай жавоб қайтаради. Бу худди байрамда болалар бир-бирига торт улоқтирганга ўхшайди. Шундай бўлмаслигини хоҳлар эдим.

Индонезия ажойиб режа билан чиқди. Мен ҳам бу ҳақда гапирганман. Йил давомида шуни айтдим. Ҳозир қон тўкилишини тўхтатиш жуда ажойиб бўларди. Ҳамма турган жойида қолади, музлатилади ва Индонезия таклиф қилганидек референдум ўтказилади. Барча баҳсли ҳудудларда референдум. Одамлар қаерда, ким билан қолишни истаса, бу ҳудуд ўша мамлакатга ўтади. Бу адолатли-ку? Биз билан яшашни истамайдиган ҳудудлар бизга керакми? Мен бунга ишончим комил эмас. Ва негадир президентга ҳам улар керак эмасдек туюлмоқда.

Бу жуда яхши бўларди, лекин бир нарса бор: улар ҳеч қачон бунга рози бўлмайдилар.

Сўнгра Симонян Украинанинг барча ҳудудлари, жумладан Қрим ҳам озод қилинган тақдирдагина украиналиклар музокара столига ўтиришга тайёрлигини эслатди. Бунга жавобан бошловчи Владимир Соловёв музокаралар мавзусини бутунлай ёпиш кераклигини айтди, чунки Россияда музокаралар олиб борадиган ҳеч ким йўқ – «террорчилар билан музокаралар олиб борилмайди, террорчилар йўқ қилинади».

«На Zzzzzападном фронте без перемен» телеграм-канали шарҳида айтилишича, Симоняннинг баёноти уруш тарафдори бўлган блогларда «қаттиқ ғазаб, хиёнатда айбловлар ва ҳақоратлар оқими»ни келтириб чиқарди. Тарғиботчининг сўзлари гўё Россия президенти маъмурияти тайёрлаётган эҳтимолий «шармандали келишув» ва «миллий манфаатларга хиёнат» сифатида қабул қилинди.

«Обыкновенный царизм» каналида Симоняннинг нутқига «мағлубият пропагандаси» деб баҳо берилди. «Хиёнат ва қон таъмига эга сўзлар», деб ёзди муаллифлар. «Жаҳаннамда хоинлар учун махсус қозон бор. Улар сизни кутмоқда, азиз тинчликпарастлар».

Россиянинг «Третья сила» жамоат ҳаракати раҳбари Игор Скурлатов шундай деб ёзди: «Балки Маргони Қорабоғга референдум ўтказиш учун юбориш керакдир? Марго, такаббурона оҳангинг бизни жуда ғазаблантирмоқда. Кимсан ўзи? Машҳур сиёсатчи? Севимли журналист? Йўқ. Ўз ўрнингни бил – ҳокимият пропагандачиси. Келинг, сўров ўтказамиз – Маргарита Россиянинг етакчи медиа-менежерларидан бири лавозимига лойиқми? У Малороссияни озод қилиш учун ўз жонини фидо қилган минглаб рус жангчилари хотирасини очиқчасига булғади».

Бошқа шарҳловчиларнинг таъкидлашича, «баҳсли ҳудудлар» ҳақидаги сўзлар – Россия Конституцияси ва ҳудудий яхлитлигига ҳужум. «Царьград» телеканали курсклик ҳарбий кўнгилли ва блогер Роман Алехин фикрини келтирди: «Симонян хўжайинини алмаштирдими? Ёки пул тўловчиними? У нафақат бемаъни гапларни айтди, балки ўзининг янги раҳбарларини ҳам ошкор қилди. Чунки у «баҳсли» деб атаган Россия ҳудудларида ўз тақдирини ўзи белгилаш бўйича референдум ўтказиш – Ғарб стратеглари учун орзу. Бу Россиянинг тарқалиб кетиши учун тўғридан-тўғри йўл. Ахир, кейин Қрим ҳам «баҳсли ҳудуд» бўлади, эҳтимол Кавказдаги республикалар, Калининград ва ҳоказо. Қизиқ, бундай гапларни айтиш ёки бошқа кафолатларни беришнинг нархи қанча экан?»

«Комиссар исчезает» телеграм-канали муаллифи Симоняннинг сўзларида номенклатуранинг «Вазиятдан чиқиб кетишга имкон беринг!» деган ҳайқириғини эшитди. «Тушундим, лекин тушунолмаяпман. Чунки бир нарсани англамаяпман: телевидениедаги мана шундай чиқишлар ва тепадаги мана шундай кайфият фонида одамларни курашга, ўз ҳаётини хавф остига қўйишга қандай қилиб ундаш мумкин? Агар улар курашаётган ер исталган лаҳзада Россияники эмас, балки «баҳсли» бўлиб қолса», деди у.

Ўзини донецклик копирайтер Янис деб атайдиган «Моральный компас» канали муаллифи Симоняннинг видеоси тарқалишини Украина махфий хизматларининг иши, унинг сўзларини эса контекстдан юлиб олинган деди: «Кимдир тушунмаган бўлса, Симонян Россияга қўшиб олинган ҳудудлар ҳақида эмас, балки Украина назорати остида қолаётган ҳудудлар ҳақида гапирди. Баъзи нуқталарда мен унинг фикрига қўшиламан, лекин битта нозик жиҳат бор, деб ёзди у — Қачон Киев хунтаси (ва уларнинг барча чўчқабачалари) янчиб ташланса, шунда референдум ўтказиш ва ким Россиянинг бир қисми бўлишни хоҳлаётганини ва ким нейтрал Украина ҳудуди бўлиб қолишни хоҳлашини аниқлаш мантиқий бўлади».

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Симонян урушни тўхтатишни таклиф қилди ва жиддий танқидга учради
ePN