Қозоғистоннинг Абай вилоятида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. У кичик ўрамдаги гиёҳвандлик моддаларини турли жойларга яшириб, интернет орқали сотишни режалаштирганликда гумонланяпти.
Абай вилояти ИИБ ходимлари томонидан унинг яшаш жойи кўздан кечирилганда иккита пакетчада тақиқланган модда, тарози, ёпишқоқ лента ва бўш полиэтилен пакетлар топилган. У Семей шаҳри ҳудудида гиёҳванд моддаларни кичик ўрамларда интернет орқали сотишни режалаштиргани айтилмоқда.
«Мутахассис хулосасига кўра, тақдим этилган модда 71,49 г мефедрон ва 81,67 г алфа-PVP тақиқланган моддалари бўлиб чиқди. Гиёҳвандлик воситаларининг умумий оғирлиги 153,16 граммни ташкил этди. Шу тариқа, вилоят полицияси қора бозорда нархи 4 миллион тенге бўлган бир марталик доза ҳажмидаги 1500 ўрамдаги гиёҳвандлик воситаларини етказиб беришнинг олдини олди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 297-моддаси 3-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сотиш) бўйича терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади маҳаллий полиция хабарида.
Ўзбекистонлик фуқарога нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг