Украинанинг қуруқликдаги кучлари сони ҳозирда 600 минг кишини ташкил қилади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram каналида хабар берди.
Зеленский 12 декабрь куни Украинада нишонланадиган Қуруқликдаги қўшинлар куни муносабати билан ёзган табригида бу бўйича маълумот келтирган. Қуруқликдаги кучлар Украина армиясининг энг йирик тури ҳисобланади. Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин қўшинларнинг умумий сони ошкор этилмаган, бироқ 2023 йилнинг ноябрида Украина қуролли кучлари Бош штаби Украина армиясида жами 1,3 миллион киши хизмат қилишини билдирган.
6 сентябрь куни Украина мудофаа вазири Рустем Умеров 2022 йил февралидан буён Украина армияси сони уч баробардан ошиб, 800 минг нафар ҳарбий хизматчига етганини айтганди. Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида яна 1 миллионга яқин одам ишлайди, деган у.
Декабрь ойи бошида Украинада депутатлар ва амалдорларни сафарбар қилиш тўғрисидаги петиция бошлангани маълум бўлди, унга 26 мингдан ортиқ одам овоз берган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг