Аввалига граната портлатган депутат ҳалок бўлгани айтилганди, лекин кейинчалик у омон қолгани, шифокорлар жонлантириш бўлимида ҳаётини сақлаб қолишга уринаётгани маълум бўлди.
Украин нашрларига кўра, Керецковский қишлоқ кенгаши депутати президент Зеленский етакчилигидаги «Слуга народа» партияси вакили Сергей Батрик бўлган. Граната портлатилган йиғилишда 2024 йил учун бюджет лойиҳаси муҳокама қилинган.
Карпат ортидаги граната портлатиш ҳодисаси Украина миллий полицияси томонидан террорчилик акти деб қайд этилган. Миллий полиция вакилига кўра, депутат тирик қолса, 10 йилгача қамалиши мумкин. Гувоҳларнинг айтишича, депутат йиғилиш бошидан бошқа депутатлар билан тортишган. У аввалига 2023 йил бюджети ҳақида ҳисобот беришларини, кейин янги йил учун бюджетни қабул қилишни сўраган.
Сергей Батрик залдан чиққач 2 дақиқа 40 сонияга ташқарига чиққан, қайтиб кирган ва хотиржам ҳолатда граната портлатган. Гувоҳлар у билан бирга яна бир депутат ташқарига чиққани ва қайтиб кирмаганини айтган.