Бомба ҳақидаги ҳазили сабаб йўловчи рейсдан қолдирилди

Бомба ҳақидаги ҳазили сабаб йўловчи рейсдан қолдирилди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида йўловчи самолёт бортида сумкасида бомба бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳазил қилгани учун Олмаота–Ақтау рейсидан туширилди. Воқеа 3 сентябрь куни Олмаота аэропортида содир бўлган. Бу ҳақда Tengri Travel хабар берди.

Қозоғистон Транспорт полицияси маълумотига кўра, йўловчи авиакомпания томонидан тузилган далолатнома асосида рейсдан олиб қолинган. Бунга унинг қозоқ тилида айтган «Бу сумкада қўрғошинми ёки бомба борми?» мазмунидаги гапи сабаб бўлган.

Шундан сўнг транспорт полицияси ва авиация хавфсизлиги ходимлари йўловчи ҳамда унинг юкларини текширган. Текширув натижасида портловчи моддалар ёки бошқа тақиқланган буюмлар аниқланмаган. Аэропортда эвакуация ҳам ўтказилмаган ва ҳаво бандаргоҳи одатдагидек ишлаган.

Полиция маълумотига кўра, йўловчи майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, иш бўйича материаллар судга юборилади.

Транспорт полицияси йўловчиларни самолёт бортида хавфсизликка таҳдид сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган гапларни, ҳатто ҳазил тариқасида ҳам айтмасликка чақирди.

Қозоғистон Жиноят кодексининг 273-моддасида террорчилик акти ёки бошқа хавф ҳақида била туриб ёлғон хабар бериш учун 5000 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичигача жарима, шунингдек беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар