date
views 387

АҚШ Украинадан Россия билан уруш олиб боришнинг аниқ режасини сўрайди

АҚШ Украинадан Россия билан уруш олиб боришнинг аниқ режасини сўрайди

Фото: AP

АҚШ Украинадан Россия билан уруш олиб боришнинг аниқ режасини талаб қилмоқчи. Бу ҳақда 10 январ куни кечқурун Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб хабар берди. Агентлик суҳбатдошларига кўра, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан 15 январ куни Давосда очиладиган Жаҳон иқтисодий форуми арафасида тегишли тушунтиришлар олиш учун катта эҳтимол билан Зеленскийга мурожаат қилади.

Bloomberg манбаларидан бири тушунтирганидек, Украина армияси ҳозирда 2024 йил учун ҳарбий кампания режасини ишлаб чиқмоқда ва Вашингтон ўз ёрдамини қандай қилиб яхшироқ мувофиқлаштириши мумкинлигини тушунмоқчи.

Шу билан бирга, Оқ уй Зеленский ва Украина қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Валерий Залужний ўртасида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар ҳақидаги хабарлардан хавотирда, бу, америкалик расмийларга кўра, кейинги стратегияни ишлаб чиқишни қийинлаштириши мумкин.

АҚШнинг Украинага ёрдами

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Украина, Исроил ва Тайванни қўллаб-қувватлаш учун 106 миллиард доллар ажратишни сўраган эди. Шундан 61 миллиард долларни Киевга жўнатиш таклиф қилинмоқда. Конгрессдаги республикачилар ва демократлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли бу пакет ҳали келишиб олинмади. Украинага 2023 йилда 250 миллион доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдамнинг охирги пакети декабр ойида ажратилган эди.

Bloomberg хабарига кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Россиянинг 300 миллиард доллар миқдорида музлатилган активлари бир қисмини Киевга ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга тайёр. Кенгаш ва АҚШ Конгресси вакиллари бу борада изоҳ беришдан бош тортди. Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Украинани тиклаш учун 411 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлади. АҚШ Давлат департаменти Вашингтон G7'даги ҳамкорлар билан биргаликда Россия маблағлари ҳисобидан Украинага товон тўлаш масаласини ўрганаётганини билдирди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг музлатилган активлари Украинага берилиши эҳтимолини изоҳлар экан, бу АҚШ молиявий обрўсига путур етказиши ҳақида огоҳлантирди. У, шунингдек, Москва Вашингтондан Россия пулларини мусодара қилиш режалари ҳақида билдиришнома олмаганини қайд этди, деб ёзади Bloomberg.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Украинадан Россия билан уруш олиб боришнинг аниқ режасини сўрайди