12:35 / 06.03.2024
121

Ҳаитида жиноий гуруҳ полиция академияси ва аэропортга ҳужум қилди

Ҳаитида жиноий гуруҳ полиция академияси ва аэропортга ҳужум қилди
Фото: Reuters
Тўққизта жиноий гуруҳ конгломерати (бирлашмаси) раҳбари, собиқ полициячи, Барбекю лақабли Жимми Шеризе сешанба куни журналистларни йиғган ва уларга агар бош вазир лавозимини тарк этмаса, мамлакатда уруш бошланишини маълум қилган.

«Агар Ариэл Анри истеъфога чиқмаса, агар халқаро ҳамжамият уни қўллашда давом этса, унда биз тўғридан тўғри фуқаролик уруши томон ҳаракатланамиз, бу эса геноцидга олиб келади», — деган инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли БМТ санкциялари остида бўлган Барбекю.

Сешанба куни эрталаб жиноий тўдалар Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренсдаги 800 нафардан ортиқ кадетлар таҳсил оладиган полиция академиясига ҳужум қилган. Полиция штурм қайтарилганини маълум қилган.

Халқаро агентликлар билан гаплашган гувоҳларнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг бош аэропорти, Порт-о-Пренседаги Туссен Лувертюр номидаги халқаро аэропорт атрофида ҳам ўқ овозлари эшитилган.

250 нафар кубалик аэропортдан учиб кетишга уринган, аммо бунинг имкони бўлмаган. «Биз самолётга чиқишимиз керак эди, аммо улар самолётда ўқдан ҳосил бўлган тешикни топишди», — деган кубаликлардан бири AFP агентлигига.

Айни вақтда Ҳаитидаги аэропортлар аскарлар томонидан қўриқланмоқда.

Ҳаити бош вазири Ариэл Анри ўтган ҳафтада аввалига Жанубий Америкадаги Гайанада ўтказилган минтақавий форумга жўнаб кетганди, у ердан эса Ҳаитига халқаро полициячи-ҳарбийлар контингенти юбориш бўйича келишувга эришиш учун Кенияга учди, бу контингент анчадан буён деярли бутун пойтахтни назорат қилаётган жиноий тўдаларга қарши курашишни бошлаши кўзда тутилган.

Бош вазир йўқлигида Барбекю унга уруш эълон қилди. Шанба куни жиноий тўдалар бир қанча полиция участкаларига ҳужум қилди, шунингдек Порт-о-Пренсдаги қамоқхоналардан бир неча минг маҳбус озодликка чиқариб юборилди.

Шундан кейин ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилди ва комендантлик соати жорий этилди.

Бир неча кун мобайнида Ариэл Анрининг қаердалиги маълум эмасди, аммо сешанба куни АҚШ таркибидаги Пуэрто-Рико ороли ҳукумати Анрининг самолёти шу ерга қўнганини маълум қилди.

ОАВ маълумотига кўра, бундан олдинроқ Ню-Жерсидан учган бош вазирга Доминикан Республикасига қўнишга рухсат берилмаган — бу мамлакат ғарбий қисмида Ҳаити ҳам жойлашган Эспанол оролининг катта қисмини эгаллаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё