date
views 152

Россия ва Беларус ядровий машқларнинг иккинчи босқичини бошлади

Россия ва Беларус ядровий машқларнинг иккинчи босқичини бошлади
Фото: Россия Мудофаа вазирлиги / AP
Россия ва Беларусь стратегик бўлмаган ядровий кучлар ўқув машғулотларининг иккинчи босқичини бошлади. Бу ҳақда 11 июн, сешанба куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий Telegram-каналида маълум қилди.

Эълон қилинган постда айтилишича, машғулотлар давомида «Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси қуролли кучлари бўлинмаларини стратегик бўлмаган ядро қуролларидан жанговар фойдаланиш бўйича биргаликда тайёрлаш масалалари» ишлаб чиқилади. Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, улар икки давлат «суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини» таъминлаш мақсадида «бўлинмалар шахсий таркиби ва техникасини стратегик бўлмаган ядро қуролларидан жанговар фойдаланишга тайёрлигини сақлашга» қаратилган.

21 май куни Россия Федерациясида ядровий машқларнинг биринчи босқичи бошланди. Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, унда «Искандар» мажмуалари ва «Кинжал» гипертовушли ракеталари иштирок этган. Вазирлик машғулотлар бошланишини «ғарб айрим расмийларининг Россия Федерациясига қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидлари» билан асослади.

РФ ТИВ: Россия ядровий тийиб туриш бўйича ҳужжатларни ўзгартириши мумкин

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг 11 июн куни айтганидек, Ғарб давлатларининг ҳаракатлари «ядровий тийиб туриш бўйича ҳужжатларни ҳозирги эҳтиёжларга мослаштириш масаласини кўтармоқда». Май ойининг ўрталарида у Россия Федерацияси «қизил чизиқлар» мавзусини «чеккага қўйиши» ва ядровий таҳдидлар масаласида Ғарбга бир хил жавоб беришини айтди.

7 июн, жума куни Владимир Путин «ПМЭФ» доирасида Россиянинг ядровий доктринаси ўзгаришини истисно этмади ва уни «жонли қурол» деб атади. Ўз нутқининг бошида Россия Федерацияси «ядровий қуролни қўзғатмоқчи» эмаслигини айтди, аммо кейинчалик Европа бу масалада «кўпроқ ёки камроқ ҳимоясиз» эканлигини таъкидлади. Бироқ, Путин «ядровий зарбаларгача иш етиб бормайди» деган ҳақиқатдан келиб чиқишини қўшимча қилди.

Россия ядро қуролини Беларусга топширди

2023 йил июн ойида Владимир Путин Александр Лукашенко билан учрашувда ўша йилнинг июл ойида Россия ўз ядро қуролини Беларус ҳудудида жойлаштиришни режалаштираётганини айтди. Кейинроқ Беларус раҳбари қуроллар аллақачон мамлакатга етиб келганини билдирди. 2024 йил март ойида Foreign Policy журнали манбаларга таяниб, ғарб разведкаси Россия Федерацияси тактик ядро қуролларини Беларусга топширганини тасдиқлаганини ёзган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ва Беларус ядровий машқларнинг иккинчи босқичини бошлади