13:53 / 22.07.2024
61

Байденнинг сайловолди муваффақиятсизликлар хронологияси

Байденнинг сайловолди муваффақиятсизликлар хронологияси
Фото: EPA
АҚШ раҳбари Жо Байден 21 июль куни президентлик сайловларида иштирок этмаслигини эълон қилди. Ушбу қарор кўпчиликни ҳайратга солмади: сўнгги ҳафталарда номзоднинг юқори мартабали демократлар томонидан очиқчасига танқид остига олингани ҳам сир эмас.

Нега амалдаги президент ва шу кунгача Демократик партиянинг рақобатбардош ягона номзоди беллашувни тарк этишга мажбур бўлди? BBC президент йўл қўйган муваффақиятсизликлар хронологиясини тақдим этди.

81 ёшли Байденнинг президентлик пойгасида ғалаба қозониши ва яна тўрт йил давомида хизмат қилиши ҳақидаги шубҳалар узоқ вақтдан бери мавжуд эди, аммо июнь ойининг охирида бу фикрлар демократлар орасида чексиз хавотирларга йўл очди.

АҚШ президентининг сайловда қатнашишдан воз кечиш қарорини тезлаштирган сўнгги ҳафталарнинг асосий воқеалар кетма-кетлиги қуйидагича:

27 июнь: CNN телеканалида Жо Байден ва президентликка номзод Дональд Трамп ўртасида дебат бўлиб ўтди. Байден тарафдорлари унинг ноизчил ва ноаниқ жавобларидан ҳафсаласи пир бўлди, кўпчилик унинг соғлиғига шубҳа билан қарай бошлади.

28 июнь: Байден Шимолий Каролинадаги сайловолди нутқи билан пайдо бўлган шубҳаларни бостиришига умид қилган ҳолда, шундай деди:

Мен энди аввалгидек равон нутққа эга эмасман, дебатларда аввалгидек яхши баҳслаша олмайман. Лекин ҳақиқатни қандай гапиришни биламан”.
Бироқ, президентга ўзини оқлаш ҳеч қандай фойда келтирмади.

2 июль: Конгрессмен Ллойд Доггетт Байденни истеъфога чиқишга очиқчасига чақирган Демократик партиянинг биринчи вакили бўлди ва тез орада унга бошқалар қўшилди.

5 июль: ABC мухбири Жорж Стефанопулосга берган интервьюсида Байден жиддий касаллик ёки “Қодир Худо” уни истеъфога чиқишга сабаб бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо унинг хатоли нутқи ва когнитив тестдан бош тортиши аъзо партиясидаги хавотирни фақатгина кучайтирди холос.

8 июль: Демократик партияда унинг номзоди бўйича аллақачон ички келишмовчиликлар бошланди. Шунга қарамай, Байден Morning Joe янгиликлар шоусида: “Мен ҳеч қаерга кетмайман” деб маълум қилди. Демократларга эса бирдамликка чақирувчи узундан узоқ мактуб юборади.

10 июль: Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пелоси Morning Joe’да “президент ўз номзодини қўйиш ёки қўймаслик бўйича бир қарорга келиши лозим”, эканини айтди. Тегишли баёнот бу масала ҳал қилинмаганидан дарак беради. Машҳур актёр ва Байденнинг тарафдори Жорж Клуни эса ўз мақоласида уни истеъфога чиқишга чақирди, Питер Уэлч эса президент истеъфосини талаб қилган биринчи демократ сенаторга айланди.

11 июль: Байден Вашингтондаги НАТО саммити нутқи давомида хотиржам кўринишига қарамасдан, Украина президенти Владимир Зеленскийни “президент Путин” ва ўзининг вице-президенти Камала Ҳаррисни эса “Трамп” деб атади.

13 июль: Америка ва бутун дунёнинг диққати Байдендан, муваффақиятсиз суиқасддан омон қолган рақиби Дональд Трампга қаратилди. Қонга беланган Трампнинг муштини кўтариб, тарафдорларини курашга чорлаётган суратлари бутун дунё ОАВнинг биринчи саҳифаларида ўрин эгаллади.

Фото: Reuters
17 июль: Байден коронавирус билан касалланиб, барча сайловолди тадбирлари ва учрашувларини бекор қилди. Топ демократ Адам Шифф президентни “ўз лавозимини топширишга” чақирди. Бошқа қонунчилар ҳам бу тенденцияни қўллаб-қувватлади. Улар Байден истеъфога чиқмаса, нафақат президентлик, балки Конгресснинг иккала палатасини ҳам бой бериб қўйишидан хавотирда эди.

18 июль: Байден интервью давомида Мудофаа вазири Ллойд Остин исмини унутиб қўйгани ҳақидаги видео тарқалди. Конгресс раҳбарларининг “президент беллашувдан чиқиб кетиши энг тўғри қарор” деган фикрлари яшин тезлигида тарқалди.

Демократлар орасида юксак ҳурмат қозонган собиқ президент Барак Обама кўп сонли скептикларнинг умумий фикрига қўшилиб, Байденнинг ғалаба қозониш имконияти паст эканини айтди. Ҳафта охирида эса Байденнинг курашдан чиқиб кетиши ҳақидаги дастлабки тахминлар пайдо бўлди.

19 июль: Байден келгуси ҳафта сайловолди ташвиқотига қайтишини эълон қилди. Уни сайловдан воз кечишга чақирган демократлар сони 30 тага етди. Байденнинг сайловолди кампанияси ҳомийлари миллионлаб долларлик хайрияларини музлатиб, оловга мой сепди. Миллиардер Илон Маск ҳар ойда Трампнинг сайловолди кампаниясига тахминан 45 миллион доллар хайрия қилишга ваъда берди.

20 июль: Дональд Трамп демократларни масхара қилиб улар ўз номзодлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини таъкидлади.

21 июль: Жо Байден президентликка даъвогарликдан воз кечиш ҳақида баёнот берди. Ўз мактубида у, айниқса, Демократик партиядан номзодликка асосий даъвогар сифатида чиқаётган вице-президент Камала Ҳаррисга алоҳида миннатдорлик билдирди ва уни сайловларда қўллаб-қувватлашини айтди. File engine/social.php not found.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байденнинг сайловолди муваффақиятсизликлар хронологияси