10:33 / 18.11.2024
43

Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди

Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб қонунчилик идорасидаги чиқишида Оқ уйнинг Ғазо сектори бўйича сиёсатини танқид қилди.

Конгресс аъзоларига очлик туфайли қоқсуяк ҳолга келган фаластинлик болакайнинг фотосуратини кўрсатган Рашида Толиб Исроил Ғазо секторига инсонпарварлик кўмаги ўтказишга тўсқинлик қилаётгани, Оқ уй эса Тель-Авивнинг бу қилмишидан кўз юмаётганини айтган.

«Байден инсонпарварлик кўмаги бўйича (Исроилга берган) 30 кунлик муддат ҳақида гапирмоқчиман. Байден маъмурияти Исроил ҳукумати Ғазо секторида инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги ўз экспертлари, шунингдек, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТ ҳисоботларини эътиборсиз қолдирмоқда», – деди конгрессвумен.

Фаластинлик болалар очлик туфайли ҳайвонлар озуқасини ҳам ейишга мажбур бўлаётганини таъкидлаган депутат аёл инсонпарварлик кўмагини етказиш ваъдасида турмагани учун Давлат котиби Энтони Блинкенни истеъфо беришга чақирган.

Конгрессдаги асли фаластинлик ягона депутат саналган Рашида Толиб Исроил ҳукумати ишғол остидаги Фаластин ерларида апартеид сиёсатини юритаётганини айтиб келади.

Жорий йил 24 июль куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида маъруза қилганида ҳам Рашида Толиб «Ҳарбий жиноятчи», «Қатлиом айбдори» каби жумлалар ёзилган пешлавҳа кўтарган ҳолда ўз норозилигини билдирганди.

Ғазо секторида уруш бошланган 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида 43846 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 103740 нафари жароҳатланган.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли аҳоли бомбалар, очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар туфайли ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

БМТ жорий йил июнь ойида эълон қилган суриштирувда Ғазо секторида аҳоли, хусусан, болалар қасддан қириб ташланаётгани баён қилинган.

Халқаро тузилма Исроил ҳатто Ғазода вайроналар остида қолган одамларни қутқаришга рухсат бермаётганини маълум қилган.

БМТнинг махсус маърузачиси Франческа Альбанезе Исроил Фаластин ерларида этник тозалаш, айирмачилик ва ишғол сиёсатини тўхтатмагунча қадар унинг БМТдаги аъзолигини вақтинча тўхтатиб туришни таклиф қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди