09:35 / 08.01.2025
97

Канада бош вазири Жастин Трюдонинг сиёсий йўли қандай кечган?

Канада бош вазири Жастин Трюдонинг сиёсий йўли қандай кечган?
6 январь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо Либерал партия раислигидан истеъфога чиқишини эълон қилди.

Эндиликда партия ўзига янги раис сайлаши керак бўлади. Сайловда фақат Либерал партия аъзолари қатнашади. Янги раис Канада бош вазири лавозимини эгаллайди. Унгача Жастин Трюдо бош вазир сифатида фаолиятини давом эттириб туради.

Шу ўринда 2015 йилдан бери Канада бош вазири лавозимини эгаллаб келаётган Жастин Трюдонинг ҳаёт йўли ҳақидаги маълумот билан ушбу мақола орқали танишишингиз мумкин.

Трюдо фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган

Жастин Трюдо 1971 йил 25 декабрда туғилган. У 1994 йилда санъат бакалаври даражасини олган, шундан сўнг Британия Колумбия университетида таълим дастурини тамомлаган ва Ванкуверда бир неча йил давомида француз тили, математика ва бошқа фанлардан дарс берган.

Трюдо сиёсатга киришдан олдин Катимавик ёшлар ташкилотининг раиси бўлган, Канаданинг Avalanche Foundation директорлар кенгашида ишлаган ва атроф-муҳит ҳимоячиси сифатида танилган.

2007 йилда Трюдо Монреалнинг Папинеау палатасида Либерал партиянинг сайловларида ғалаба қозониш учун оммавий кампания олиб борди. У 2008 йилда Канада Жамоатлар палатасига сайланган ва 2011, 2015, 2019 ва 2021 йилларда қайта сайланган.

Партия етакчиси ва мамлакат бош вазири

2013 йил апрелида Трюдо Либерал партия етакчиси бўлди, 2015 йил 19-октябрда эса партия ҳукуматда кўпчиликни, мамлакатнинг барча вилоятлари ва ҳудудлари парламентларида ўринларни қўлга киритди. 2015 йилнинг 4 ноябрида Трюдо Канаданинг 23-бош вазири сифатида қасамёд қилди. 2019 йил 21 октябрда у яна Либерал партияни сайловда ғалаба қозонди ва канадаликлардан иккинчи мандат олди. 2021 йил 20 сентябрь Либерал партия яна ғалаба қозонди ва Трюдо учинчи мандатини қўлга киритди.

Канада ҳукумати веб-сайтига кўра, Трюдо жамоасининг асосий ғояси ўрта синф учун иш ўринлари яратиш, шунингдек, нархларни пасайтириш, Канада ҳамжамиятларини хавфсиз сақлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва маҳаллий халқлар билан бирдамликни ривожлантиришга қаратилган. Бундан ташқари, Трюдо Канаданинг биринчи гендер мувозанатли ҳукуматини шакллантирган сиёсатчи ҳисобланади.

Трамп билан учрашув

3 декабрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Трюдо билан учрашув ўтказди. Учрашувда АҚШ ва Канада чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари, гиёҳванд моддалар айланмаси ҳамда мигрантлар юзага келтириши мумкин бўлган муаммолар муҳокама этилди. Американинг сайланган раҳбари икки давлат ўртасидаги савдо камомадини ҳам тилга олди, унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу камомад 100 миллиард долларга етган.

Шундан сўнг, АҚШнинг бўлажак раҳбари ўз ҳамкасбига агар Канада юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал қилмаса, инаугурациядан кейин Канаданинг барча маҳсулотларига 25% савдо тарифларини жорий қилишини маълум қилди. Бунга жавобан Трюдо бундай божларни жорий этишнинг иложи йўқлигини таъкидлади, чунки бу мамлакат иқтисодиётини бутунлай йўқ қилиши мумкин.

Американинг бўлажак президентининг таъкидлашича, бу вазиятда Канада АҚШнинг 51-штатига айланиши муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин.

"Канадада кўпчилик АҚШнинг 51-штати бўлишни хоҳлайди. Агар Канада АҚШ билан бирлашса, АҚШ импортига ҳеч қандай тарифлар бўлмайди, солиқлар сезиларли даражада камаяди ва улар доимо уларни ўраб турган Россия ва Хитой кемалари таҳдидидан бутунлай ҳимояланган бўлар эди. Биргаликда буюк халқ бўламиз”, деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ишончсизлик вотуми

2024 йил 10 декабрда Трюдо ҳукумати ўзининг асосий консерватив рақиби ташаббуси билан уч ой ичида учинчи марта ишончсизлик вотумини олди. Консерваторлар сентябрь ва октябрь ойларида ўтишга уринган иккита ишончсизлик овози ҳам муваффақиятсизликка учради.

Фото: Reuters
Ўтган йилнинг 17 декабрида Трюдо Канада Либерал партияси аъзолари ва унинг тарафдорлари билан гаплашар экан, ҳукуматидаги ўзгаришларга қарамай, ўз лавозимини тарк этиш ниятида эмаслигини айтди. Шу билан бирга, CTV телеканали манбаларга таяниб, бош вазир ўринбосари Кристиа Фриланд ишдан бўшатилиши муносабати билан бош вазир истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Трюдо унга Канада молия вазири лавозимини таклиф қилган ва кетиши бу таклифга жавоб бўлган. Фриланднинг сўзларига кўра, у ва Трюдо ўртасида "Канада учун энг яхши йўлни танлаш борасида" келишмовчилик юзага келган.

6 январь куни эрталаб Трюдо Либерал партия ўз ўрнига ўринбосар танлаганидан сўнг Канада бош вазири лавозимини тарк этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Тhe Globe and Mail нашри манбаларга таяниб, Трюдо 8 январгача мамлакатнинг ҳукмрон партияси етакчиси лавозимидан кетишини эълон қилишини ёзди.

Трюдодан кейин Канада бош вазири ким бўлади?

Politico нашрига кўра, навбатдаги сайловлар 2025 йил октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ ҳозирги вазиятда шу йилнинг баҳоридаёқ ўтказилиши мумкин. Сайловда Канада консерваторлари ғалаба қозониш эҳтимоли юқори. AP томонидан келтирилган сўнгги сўровнома шуни кўрсатадики, либераллар мухолифатдаги консерваторлардан анча ортда бормоқда — 45% га 23%. Трюдо ўзининг истеъфоси билан партиянинг мавқеини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, аммо кўплаб экспертларнинг фикрига кўра, у бу қарорни жуда узоққа чўзди.

Агар консерваторлар ғалаба қозонса, 45 ёшли популист Пьер Пуалевр бош вазир бўлиши мумкин.

Пьер Пуалевр
Фото: NashVankuver.com

Айни дамда Трюдо ўрнини эгаллаши мумкин бўлганлар орасида нуфузли Politico нашри бир қанча юқори мартабали амалдорлар номини келтирди: Канада банкининг собиқ губернатори Марк Карни, собиқ бош вазир ўринбосари ва молия вазири, ташқи савдо вазири ва Ташқи ишлар вазири Кристиа Фриланд, Британия Колумбиясининг собиқ Бош вазири Кристи Кларк, амалдаги Молия ва ҳукуматлараро ишлар вазири ва Трюдонинг эски дўсти - Доминик ЛеБланк, ҳозирги Инновациялар, фан ва саноат вазири Франсуа-Филип Шампан, ҳозирги ташқи ишлар вазири Мелани Жоли, ҳозирги транспорт вазири ва собиқ мудофаа вазири Анита Ананд.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё