15:07 / 17.01.2025
228

Истанбулда қўлбола алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етди

Истанбулда қўлбола алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етди
Фото: AP Photo
Истанбулда қўлбола алкоголдан заҳарланиб вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етди. Бу ҳақда Бош консулхона матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 16 январь куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этди. 14 январь куни 6 нафар, 15 январь куни эса 4 нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. 17 январь ҳолатига кўра, заҳарланиш оқибатида вафот этган ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 14 нафарни ташкил қилмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, 17 январь ҳолатида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли ташхиси билан Туркия бўйлаб касалланганлар сони 88 нафарни ташкил этиб, шундан 37 нафари вафот этган. Ушбу қурбонлар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари ва бошқа миллат вакиллари ҳам мавжуд.

Истанбул ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари 2025 йил 16 январь куни Истанбул шаҳрида 32 862 литр ноқонуний метил ва этил спиртли ичимликларни мусодара қилган. Тадбирлар Султангази, Фатиҳ, Бакıркўй, Кучкекмеcе, Чаталcа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкоз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда.

Бош консулхона дипломатлари Истанбул шаҳридаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида даволанаётган фуқароларнинг ҳолидан хабар олди. Уларнинг 3 нафарининг аҳволи оғир.

Бош консулхона барча фуқароларни спиртли ичимликлардан тийилишга ва шахсий хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг