Сохта ҳамшира 900 мижозни алдаб, миллионлаб пул олди

АҚШда ўзини рўйхатдан ўтган ҳамшира сифатида таништирган аёл 2 мингдан ортиқ сохта ботокс муолажаларини амалга ошириб, мижозларидан 1 миллион доллардан зиёд пул олган. 40 ёшли Ребекка Фаданелли энди қилмишлари учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Фаданелли тахминан 900 нафар мижозни алдаган. У уларга Хитой ва Бразилиядан олиб келинган қалбаки косметик маҳсулотларни инъекция орқали юборган. Айрим жабрланувчиларда оғир асоратлар кузатилиб, улар шифохонага ётқизилган.
Маълум қилинишича, Фаданелли Массачусетс штатидаги Стоутон шаҳрида яшаган. У ҳеч қандай лицензияга эга бўлмаганига қарамай, ўзини рўйхатдан ўтган ҳамшира сифатида кўрсатган. Шунингдек, у инъекция қилиш, рецепт билан бериладиган дори воситалари ёки тиббий қурилмалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган.
Фаданелли Skin Beaute Med Spa номли тиббий-эстетик марказга эгалик қилган ва унинг Рэндолф ҳамда Саут-Истон шаҳарларида филиаллари бўлган. 2021 йил март ойидан камида бошлаб у мижозлар ва ходимларига ўзини лицензияланган ҳамшира сифатида таништириб келган.
У мижозларга ботокс ҳамда FDA томонидан тасдиқланган Sculptra, Restylane ва Juvéderm каби дермал филлерлардан фойдаланаётганини айтган. Бироқ прокурорлар аслида Хитой ва Бразилиядан келтирилган қалбаки маҳсулотлар қўлланганини маълум қилди.
Энг эътиборлиси, ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг қалбаки маҳсулотларини мусодара қилганидан кейин ҳам Фаданелли фаолиятини давом эттирган. 2024 йил июнь ойида унинг бизнес жойларида ўтказилган тинтувлар вақтида қалбаки маҳсулотлар аниқланган. У шу йил ноябрь ойида қўлга олинган.
Терговчилар Фаданелли сохта муолажалар учун мижозлардан 1 миллион доллардан ортиқ тўлов олганини аниқлаган.

Унинг бир қатор мижозларида салбий таъсирлар кузатилган. Айримлари шифохонада даволанишга мажбур бўлган. Улар орасида кучли шиш, инфекциялар, юз ва кўз фалажи, кўриш қобилиятининг пасайиши, қаттиқ шишлар ва тугунчалар каби асоратлар қайд этилган.
Фаданелли апрель ойида қонунга хилоф равишда товар олиб кириш бўйича тўртта, қалбаки дори воситасини сотиш ёки тарқатиш бўйича иккита ҳамда қалбаки тиббий қурилмани сотиш ёки тарқатиш бўйича яна иккита айбловни тан олган.
У 2 сентябрь куни Бостондаги федерал судда 46 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жазодан кейин яна икки йил назорат остида бўлади. Шунингдек, унга жабрланганларга 1 001 562 доллар товон пули тўлаш ва худди шу миқдордаги маблағни мусодара қилиш мажбурияти юклатилди.
АҚШ прокурори Лиа Б. Фоули бу ҳолат оддий хато ёки бир марталик нотўғри қарор эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Фаданелли одамларни алдаш асосида бизнес қурган ва ўз фойдасини мижозларининг саломатлиги ҳамда хавфсизлигидан устун қўйган.
Прокурор косметик инъекциялар ва эстетик тиббиёт марказлари оммалашиб бораётган бир пайтда қалбаки маҳсулотлар ҳамда лицензиясиз мутахассислар жиддий хавф туғдиришини қайд этди.
Ҳозирда мазкур иш сохта тиббий хизматлар ва қалбаки косметик воситалар инсон саломатлиги учун қандай жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…