00:08 / 24.01.2025
0

Зеленский Украинада америкалик тинчликпарвар кучлар ҳам бўлиши кераклигини айтди

Зеленский Украинада америкалик тинчликпарвар кучлар ҳам бўлиши кераклигини айтди
Агар урушдан кейин Украинада тинчликпарвар кучлар жойлаштириладиган бўлса, уларнинг таркибида Америка қўшини ҳам бўлиши керак, деган президент Володимир Зеленский Bloomberg учун берган интервюсида.

«Бундай [тинчликпарвар контингент] Қўшма Штатларсиз бўлмаслиги керак. Ҳатто европалик айрим дўстларимиз бунинг имкони бор деяётган бўлса ҳам, амалда бундай эмас. Ҳеч ким Қўшма Штатларсиз таваккалчилик қилмайди», — дея қайд этган у.

Зеленский Доналд Трамп тинчликка эришишга қодирлигига ишонч билдирган, аммо бундай тинчлик фақат Вашингтон Киевга узоқ муддатли хавфсизлик кафолати тақдим этган тақдирдагина мумкин бўлиши қайд этган — ёки НАТО аъзолиги, ёки мамлакат ҳудудида ғарбнинг тинчликпарвар кучлари мавжуд бўлиши шундай кафолат вазифасини ўтайди.

Бир неча кун олдин Давосдаги иқтисодий форумда чиқиш қилганида Зеленский тинчликпарвар кучлар жойлаштирилиши Россиянинг такрори ҳужумига йўл қўймасликда муҳим рол ўйнашини айтганди. Ўшанда у зарур бўлган тинчликпарвар кучлар сонини 200 мингга баҳолаган.

Bloomberg учун интервюда Зеленский 200 минг рақами кўпроқ мажозий экани ва контингентнинг ҳақиқий сони Россия талаб қиладиган украин армияси миқдорига боғлиқ бўлиши кераклигини айтган. «Агар биз уни [украин армиясини] 200 мингга, 300 ёки 500 мингга қисқартирсак, қисқартирганимиз ўрнига бошқа қўшинлар кераклигини англатади», — деган Украина президенти.

Украинага тинчликпарвар контингент жойлаштириш ғояси сўнгги ойларда Ғарбда кенг муҳокама қилинмоқда — бу ғояни биринчи навбатда Франция президенти Эммануэл Макрон илгари сурган. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Буюк Британия, Германия, Италия ҳукуматлари Украинага ўз ҳарбийларини юборишга тайёрлигини билдирган.

Кремлдагилар Европа тинчликпарвар кучларини Украинага жойлаштириш ғоясини тўғридан тўғри рад этмаган, аммо Москвадагилар буни муҳокама қилишга ҳали эрталигини қайд этган.

Foreign Policy: НАТО Украинага хавфсизлик кафолатининг икки вариантини таклиф қилиши мумкин

НАТО давлатлари Россия билан тинчлик келишуви доирасида Украинага таклиф қилиши мумкин бўлган хавфсизлик кафолатларининг икки тури мавжуд, деб ёзади Foreign Policy ғарблик юқори мартабали мулозимга таяниб.

Нашр суҳбатдоши айтган биринчи вариант НАТОнинг Украинага урушдан кейинги кўп йиллар давомида кўрсатадиган муҳим иқтисодий ва ҳарбий ёрдамини ўз ичига олади. Охир-оқибат, ушбу кафолат доирасида Украина қачондир алянсга қўшилиш учун рухсат олиши мумкин бўлади.

Иккинчи вариант НАТО низоми 5-моддасининг қўлланишини кенгайтиришни назарда тутади, унга кўра алянс Россия яна ҳужум қилган тақдирда урушга кириш ва Украинани ҳимоя қилиш мажбуриятини олади.

Материалда коллектив мудофаа ҳақидаги модда Украина ҳудудининг айнан қайси қисмига татбиқ этилиши кўзда тутилганига аниқлик киритилмаган — халқаро тан олинган чегараларда ёки тинчлик келишуви тузилгандан кейин мамлакатнинг Киев назоратида қоладиган ҳудудларига.

Foreign Policy суҳбатдоши иккинчи вариантни Россия ҳам, НАТОнинг ўзи ҳам маъқуллаши даргумонлигини қўшимча қилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг