Фото: Reuters
Исроил ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида озод этилган 114 нафар фаластинликни Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрига юборди, деб хабар беради Al Qahera.
Исроил қамоқхона хизмати маълумотига кўра, умумий ҳисобда 200 нафар фаластинлик маҳбус озод этилган. Рамаллоҳ шаҳрига юборилганлардан ташқари яна 70 киши Мисрга, 16 киши эса Ғазо секторига жўнатилган.
Ўз навбатида ҲАМАС Қизил Хоч жамиятига гаровга олинган тўрт нафар исроиллик аёлни топширган. Наами Леви, Карина Ариев, 20 ёшли Даниэл Гилбоа ва 19 ёшли Лири Албаг озод қилинган. Уларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар бўлиб, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан Исроилга қилинган ҳужумда асирга олинган.
Озод қилинган маҳбуслар автобуслардан чиққанида баланд ҳайқириқлар билан кутиб олинган. «Худога шукур! Бу ажойиб ҳиссиёт, мен буни тасвирлаб бера олмайман! Қамоқхонада 6 йил ва 2 ой ўтирдим», — деди озод этилган Баккер Қваавиш.
Исроилда ҳибсда сақланган ва бугун озод этилган маҳбусларнинг энг ёшлари 16 ёшда бўлса, энг каттаси 69 ёшли Муҳаммад ал-Тоусу эди. У 1985 йилда Исроил қўшинларига қарши кураш вақтида ҳибсга олиниб, 39 йил давомида қамоқда ўтирган. Қайд этилишича, озод этилганларнинг 121 нафари умрбод қамоқ жазосини ўтаётган эди.
19 январ куни исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга биринчи алмашиш амалга оширилган эди. ҲАМАС исроиллик уч нафар аёлни озод қилган. Гуруҳ Ғазо шаҳридаги Сарая майдонида гаровга олинганларни Қизил Хоч жамиятига топширган. Келишув доирасида Исроил 20 январга ўтар кечаси 90 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилган эди.
Умумий ҳисобда ҲАМАС томонидан ушлаб турилган 97 нафар исроилликдан 33 нафари 6 ҳафта ичида озод этилиши керак. Гаровга олинган ҳар бир фуқаро учун Исроил 30 нафар фаластинликни, ҳар бир ҳарбий учун эса 50 нафар фаластинликни озод қилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар