32 ёшли хонанда ва актриса Селена Гомес АҚШ президенти Дональд Трампнинг ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш қарорига жавобан кўплаб оилалар хавф остида қолишини айтиб, ўзини йиғидан тўхтата олмади. Бу ҳақда Daily Mail'га таяниб Дарё хабар берди.
Фото: Instagram
“Мен бутун халқимга ачинаман. У ерда болалар ҳам бор. Афсус, мен буни ўзгартириш учун бирор нарса қилишга ҳаракат қиламан, аммо нимадан бошлашни ҳам билмайман. Мен қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, ваъда бераман”, деди хонанда.
Сўнг ижтимоий тармоқдаги ушбу пости остида “Жуда афсусдаман” деган ёзув ва Мексика байроғини қолдирди. Бироқ қисқа вақтда унинг видеоси ўчирилди. Шундан сўнг Гомес қуйидагича хабар қолдирди: “Афтидан, инсонларга ҳамдардлик билдириш нормал эмас”.
Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) маълумотларига кўра, АҚШда олиб борилган рейдларда 956 киши ҳибсга олинган, бу рақам Трамп президентликка сайланганидан бери энг катта кўрсаткичдир. BBC маълумотларига кўра, рейдлар Чикаго, Ньюарк ва Майами каби шаҳарларда, кенгайтирилган ваколатларга эга федерал агентликлар иштирокида ўтказилган.
Селена Гомес бир неча йилдан бери иммиграция масалалари билан шуғулланиб келган. 2019 йилда у Netflix учун “Ҳужжатларсиз ҳаёт” номли фильмга продюсерлик қилган. Унда АҚШда ноқонуний тарзда яшаб меҳнат қилиб келаётган оилалар ҳақида сўз боради. Фильмда Селена ўз оиласига оид маълумотларни ҳам келтириб ўтган:
Маълум бўлишича, 1970 йилларда унинг холаси юк машинасида яширинган ҳолда Мексика ва АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Сўнг унинг бобо-бувиси ҳамда отаси ҳам шу йўл орқали АҚШга кириб келган.
“Мен ватаним келажаги учун қўрқяпман”, дея очиқ айтди Гомес.
У мексикалик ва америкалик авлод сифатида масъулият ҳис қилишини ва ўз платформасидан фойдаланган ҳолда, ушбу мавзуда баралла гапиришга тайёр эканини билдирди. Хонанда ички қўрқув адолат учун курашишга халақит бермаслиги ва миллионлаб одамлар келажагига таъсир қиладиган ушбу муаммони ёритиш долзарб масала эканлигини ҳам таъкидлади.
Шунингдек, у болаларни қамоқда сақлаш шароитлари талабга жавоб бермаслиги ва панжара ортида ноқулай жойларда уларнинг ҳоли ҳақида қайғуриши ҳақида ҳам алоҳида қайд этди.
Трампнинг миграция сиёсати ҳақида
АҚШ президенти 21 январь куни чегарадаги барча ноқонуний ўтиш жойлари ёпилишини таъкидлади. У АҚШ жанубий чегараси орқали ноқонуний мигрантларнинг киришини тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бошпана излаш баҳонаси билан у ерда қолиш ҳуқуқини чеклади.
Президент Ички хавфсизлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ва давлат департаментига АҚШга жанубдан ноқонуний кираётганларни чиқариб юбориш чораларини кўришни топширди. Пентагон чегарага қўшимча 1,5 минг аскар ва вертолётлар юборилишини эълон қилди. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ ноқонуний мигрантларни депортация қилиш учун авиация тақдим этилади, уларнинг оқими ва ноқонуний савдосини тўхтатиш учун вақтинчалик ва доимий тўсиқлар қурилади.
Мексика президенти АҚШга бориш учун унинг мамлакатига келаётган ноқонуний мигрантлар ўз ватанларига қайтариб юборилишини айтди. Мексика АҚШдан ноқонуний мигрантларни олиб келаётган ҳарбий транспорт самолётини қабул қилишдан бош тортди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар