«Махлуқлар таътилда 5» расман эълон қилинди: Дракула яна қайтмоқда

Sony ва Amazon MGM компаниялари машҳур «Махлуқлар таътилда» (Hotel Transylvania) анимацион франшизасининг бешинчи қисми ишлаб чиқилаётганини расман тасдиқлади. Янги мультфильм томошабинлар ҳукмига 2027 йил 8 октябрь куни тақдим этилади.
Фильм «The Haunting of Hotel Transylvania» деб номланади. Янги қисмда Дракула, унинг қизи Мейбел ҳамда бошқа қаҳрамонлар «Трансилвания» меҳмонхонасида юзага келган сирли воқеаларга дуч келади. Улар меҳмонхонада пайдо бўлган ғалати ҳодисалар ортида ким турганини аниқлаш учун хавфли ва қизиқарли саргузаштга отланади.
Мультфильм режиссёрлари сифатида франшизанинг тўртинчи қисми — «Трансформания» устида ишлаган Женнифер Клуска ва Алан Ҳоукинс фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, «Махлуқлар таътилда» илк бор 2012 йилда катта экранларга чиққан эди. Ўтган йиллар давомида франшиза бутун дунё бўйлаб 1,38 миллиард доллардан ортиқ касса йиғимига эришди ва энг муваффақиятли анимацион лойиҳалардан бирига айланди.
Мультфильмнинг асосий қаҳрамонларига аввалги қисмларда бўлгани каби Голливуд юлдузлари — Адам Сендлер, Селена Гомес ва Энди Сэмберг овоз берган. Янги қисмда ҳам уларнинг иштирок этиши мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.






























Изоҳлар 0
…