21:28 / 17.02.2025
2 987

Зеленский: Украина Саудия Арабистонидаги музокараларни тан олмайди

Зеленский: Украина Саудия Арабистонидаги музокараларни тан олмайди
Фото: REUTERS
Украина ҳукумати Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилаётган музокаралар ҳақида ҳеч нарса билмайди, унда иштирок этмайди ва уни тан олиш ниятида ҳам эмас. Украина президенти Володимир Зеленский РФ ва АҚШ вакиллари Ар-Риёдда учрашиши тўғрисидаги хабарларга шундай изоҳ берди.

«Украина иштирок этмайди. Украина бу ҳақида ҳеч нарса билмаган. Украина ўзининг иштирокисиз ўтказиладиган ҳар қандай музокараларни натижасиз деб ҳисоблайди. Ва биз, бизнинг иштирокимизсиз Украина борасида эришилган ҳар қандай нарсалар ёки шартномаларни тан ололмаймиз. Биз бундай келишувларни тан олмаймиз», — дейди Зеленский.

Украина президентининг таъкидлашича, бўлажак музокаралар «икки томонлама аҳамиятга» эга, Москва ва Вашингтон «агар уларда икки томонлама масалалар бўлсагина бунга ҳақли».

Айни вақтда Зеленский расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди. 18 феврал куни Украина президенти Саудия Арабистонига йўл олади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, унинг Ар-Риёдга сафари «Саудия Арабистонида Қўшма Штатлар ва Россия вакиллари даражасида содир бўлаётган воқеаларга умуман алоқадор эмас».

18 феврал куни Ар-Риёддан АҚШ ва Россия вакилларининг учрашуви режалаштирилган. Вашингтон томонидан унда давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этади. Москва эса учрашувга ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳамда РФ президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковни юборган.

Россия—Украина урушини тўхтатиш бўйича Саудия Арабистонида музокаралар ўтказилишини аввалроқ Доналд Трамп эълон қилганди. У музокараларда Россия, АҚШ ва Украина вакиллари қатнашишини айтганди. NBC News манбаларига кўра, АҚШ аввалига Россия ва Украина вакиллари билан алоҳида музокара ўтказишни режалаштирган. Шу билан бирга, телеканал манбасининг таъкидлашича, Украина вакиллари музокараларга ҳозирча таклиф қилинмаган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг