09:04 / 18.02.2025
2 782

Канадага қўнаётган йўловчи самолёти ағдарилиб кетди

Канадага қўнаётган йўловчи самолёти ағдарилиб кетди
Фото: X / brianlilley
АҚШнинг Миннеаполис шаҳридан учаётган Delta Airlines самолёти Торонтонинг Лестер Пирсон номидаги аэропортида ағдарилиб кетди. Ҳодиса 17 феврал, душанба куни самолёт қўнаётган вақтда содир бўлган.

ОАВ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида саккиз киши жароҳатланган. Улардан уч нафари – бир бола ва икки катта ёшли йўловчи оғир аҳволда шифохоналарга етказилган. Bombardier CRJ 900 бортида жами 76 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган. Аэропорт маълумотларига кўра, уларнинг ҳеч бири ҳалок бўлмаган.

Фото: Chronicle Live
Delta Airlines вакилларининг аниқлик киритишича, парвоз DA компаниясининг штаб-квартираси Миннеаполисда жойлашган Endeavor Air шуъба тузилмаси томонидан амалга оширилган.

Одамлар ағдарилган самолётдан ўзлари чиқиб кетган

Гувоҳлар томонидан эълон қилинган аэропортдан олинган фотосуратлар ва видеоларда самолётдан тутун кўтарилаётганини кўриш мумкин. Бироқ жиддий ёнғин қайд этилмаган. Маҳаллий полиция матбуот котиби Сара Паттеннинг Reuters агентлигига айтишича, бортдаги одамларнинг ўзлари ағдарилиб кетган кемадан чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

«Авиафалокат юз берди. Бироқ, ҳозирча биз унинг атрофидаги ҳолатларни билмаймиз. Менинг тушунишимча, йўловчиларнинг аксарияти самолётдан соғ-омон тушиб кетган, бироқ биз ҳали ҳам буни тасдиқлашга ҳаракат қилмоқдамиз, шунинг учун ҳам воқеа жойида тергов давом этмоқда», — деди констебл.

Оммавий ахборот воситалари Торонтода сўнгги кунларда ноодатий даражада кучли қор ёғганига эътибор қаратмоқда. Шундай қилиб, маҳаллий аэропорт ҳудудида атиги бир ҳафта ичида 53,6 см ёғингарчилик қайд этилди — бу сўнгги уч ойдаги жами ёғингарчиликдан кўп.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг