20:57 / 27.02.2025
334

Истанбулда Россия ва АҚШ музокаралари бўлиб ўтди

Истанбулда Россия ва АҚШ музокаралари бўлиб ўтди
Истанбулда Россия ва АҚШ делегациялари ўртасидаги икки томонлама муносабатлардаги “муаммоли масалалар” ҳамда элчихоналар фаолиятини тиклаш бўйича музокаралар якунланди. Учрашув деярли олти ярим соат давом этди.

Музокаралар эрталаб соат 10:00 га яқин Босфор қирғоғидаги Арнавуткўй туманида жойлашган АҚШ бош консули қароргоҳида бошланди. Россия делегацияси музокара ҳудудини Тошкент вақти билан соат 18:20 да тарк этди.

Учрашувда иштирок этган делегация аъзолари ҳақида маълумот берилмади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) вакили Мария Захарованинг сўзларига кўра, унда Россия–АҚШ муносабатлари учун масъул дипломатлар қатнашган. Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокараларда “юқори мартабали дипломатлар ва экспертлар” иштирок этганини таъкидлади.

Учрашув арафасида Лавров Россия ва АҚШ муносабатларининг “қанчалик тез ва самарали” ривожланиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган эди. Музокараларда элчихона ходимлари сони, визалар расмийлаштирилиши ва дипломатларнинг ишлаши учун зарур бўлган банк операциялари каби масалалар муҳокама қилинган.

Туркияда ўтган учрашувдан аввал Москва ва Вашингтон ўртасида иккита техник алоқа ўрнатилган эди. Жорий йилнинг 18 февраль куни Ар-Риёдда ўтган музокараларда томонлар ўз дипломатик ваколатхоналари фаолиятини тиклаш зарурлиги бўйича келишиб олган эди. Лавровнинг сўзларига кўра, Россия ва АҚШ тез орада Москва ва Вашингтонга элчилар тайинланишини таъминлашга келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари сони 2021 йил апрел ойидан бошлаб босқичма-босқич қисқартирилган эди. Бу жараён Россия президенти Владимир Путин “дўстона бўлмаган давлатлар” дипломатларига чекловлар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан сўнг бошланган. Ушбу қарорга жавобан АҚШ элчихонаси Россия фуқароларига кўрсатаётган хизматларни қисқартирган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг