
Полиция ходимлари Хитойнинг Анхуй провинциясидаги суд биносини қўриқлашмоқда.
Фото: Хитой тармоқлари
Хитойда ҳарбий сирлар, жумладан, қирувчи самолётларга оид махфий маълумотларни хорижлик агентларга сотган муҳандис ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри Хитой Давлат хавфсизлиги вазирлиги манбаларига таяниб хабар берди.
Давлат сирларини сотишга қандай сабаблар етаклади?
Ҳукм қилинган шахс Лиу фамилияли муҳандис бўлиб, у тадқиқот институтида ишлаган. Маълумотларга кўра, Лиу махфий ҳужжатларни ноқонуний равишда нусхалаб, кейинчалик хорижий разведка агентларига сотган.
Хитой Давлат хавфсизлиги вазирлиги маълумотларига кўра, Лиу иш жойидаги адолатсизликдан норози бўлгани сабабли бу ишга қўл урган. У тадқиқот институтини тарк этгач, инвестиция компаниясига ишга кириб, қимматли қоғозлар бозорида савдо қилган. Бироқ, молиявий муаммолар сабаб катта қарзга ботган. Бу эса уни давлат сирларини сотишга ундаган.
Қандай усуллардан фойдаланган?
Лиу бир неча SIM-карта сотиб олиб, турли тахаллуслар остида хорижий разведка агентлиги билан боғланган.
Бироқ, агентлик ундан махфий маълумотларни арзон нархда сотиб олган ва кейин Лиу билан алоқани узган.
Вазирлик баёнотида шундай дейилади:
«Лиу ўз ҳаракатларининг жиддийлигини англамади. Унинг "ўйинқарор менталитети" янада мураккаб усулларни ишлаб чиқишга ундади».
Лиу кейинги олти ой давомида бир неча мамлакатга саёҳат қилиб, махфий ҳужжатларни сотишда давом этган. Бу эса давлат сирларининг кенг миқёсда ошкор бўлишига сабаб бўлган.
Суд ҳукми ва ижро масаласи
Лиу ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бироқ, ҳозирча жазо қайси муддатда ижро этилиши аниқ эмас.
Ўхшаш ҳолатлар
Лиу иши Хитой яқин тарихидаги биринчи ҳолат эмас. 2015 йили хорижий разведка агентлигига давлат сирларини сотган олим Ҳуанг Ю ҳибсга олинган ва 2016 йилда қатл этилган.
Хитой ҳукумати давлат сирларини ҳимоя қилишда қаттиқ позицияда қолмоқда. Лиу иши мамлакатдаги разведка хавфсизлигига катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Махфий маълумотларни сотиш ва давлат манфаатларига зиён етказиш учун қатъий жазо чоралари қўлланилиши, бу каби ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар