
Сўнгги вақтларда айрим фирибгар шахслар Ўзбекистон фуқароларини Туркияда юқори маошли иш билан таъминлаш ваъдаси билан алдаётган ҳолатлар кескин кўпаймоқда. Ушбу алдамчи схемалар асосан таниш-билишлар орқали амалга оширилмоқда.
Фирибгарлар иш, уй-жой ва ҳужжат масалаларида ёлғон ваъдалар бериб, ватандошларимизни оғир ҳолатга туширмоқда.
Ноқонуний иш фаолияти қандай муаммоларга олиб келади?
Агар бундай фирибларга ишониб, Туркияда ноқонуний иш фаолияти бошланса, қуйидаги жиддий оқибатларга дуч келинади:
- Ваъда қилинган иш ҳақи берилмаслиги, ёки анча кам тўланиши;
- Оғир ва хавфли иш шароитлари, иш жойида етарли хавфсизлик чораларининг йўқлиги;
- Иш берувчи томонидан ҳақорат ёки босим, баъзи ҳолларда хатто эксплуатация;
- Ноқонуний ишлаш туфайли депортация ва катта миқдордаги жарималар;
- Пул олингач воситачи “йўқолиб қолиши”, аэропортда кутиб олиш бўйича ёлғон ваъдалар.
Қонуний ишлаш учун қандай рухсат талаб этилади?
Туркияда ишлашни истаган ҳар қандай чет эл фуқароси қонуний иш рухсатномаси — Çalışma İzni’га эга бўлиши шарт. Бу ҳужжат Туркия Республикаси Хорижликлар ва Меҳнат ишлари идораси томонидан расмийлаштирилади.
Агар шахсда мазкур рухсатнома мавжуд бўлмаса, ишлаш қонуний ҳисобланмайди ва юқорида зикр этилган оқибатлар юзага келиши мумкин.
Огоҳ бўлинг ва яқинларингизни ҳам огоҳлантиринг
Бундай фириблар қурбонига айланмаслик учун:
- Ҳеч қандай ҳолатда расмий ҳужжатларсиз ва шартнома тузмасдан хорижга йўл олманг.
- Иш таклиф қилаётган шахс ҳақида тўлиқ маълумот ва расмий лицензия талаб қилинг.
- Туркияда ишлаш шартлари, визалар ва иш рухсатномалари ҳақида элчихона ва тегишли органлардан тўғридан-тўғри маълумот олинг.
Иш ваъдасига эмас, ҳужжатга ишонинг
Туркияда ишлаш орзуси кўплар учун имконият дарвозаси бўлиши мумкин, аммо у фирибгар қўлида қоронғу тўсиққа айланиши ҳам эҳтимол. Ҳеч қачон ҳеч кимга паспортиингизни берманг, расмий ҳужжатларсиз ҳаракат қилманг ва керак бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишдан тортинманг. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!