
Вьетнамда ижтимоий тармоқлардаги энг машҳур инфлюенсерлардан бири, Miss Grand International-2021 ғолибаси Нгуен Тҳук Тҳуй Тен истеъмолчиларни адаштиргани учун ҳибсга олинди. BBC нашрининг ёзишича, у нотўғри маълумотлар асосида биологик фаол қўшимчаларни оммавий тарғиб қилган.
Мутахассислар ва фуқароларнинг шикоятларига кўра, у фаол реклама қилган “Kera Supergreens” номли пастилка (чайналадиган конфет)ларнинг таркиби рекламада айтилаётгандек бой эмаслиги маълум бўлди.

Нгуен бу маҳсулотларни ўсимлик толаларига бой деб тарғиб қилган ва ҳар бир донаси “бир нечта сабзавот еганга тенг” деб даъво қилган. Аммо мустақил лаборатория таҳлиллари натижасига кўра, пастилканинг ҳар бири атиги 16 мг толани ўз ичига олган — рекламада кўрсатилган 200 мг ўрнига.
Қолаверса, маҳсулот таркибида оғриқ ва диарея чақириши мумкин бўлган сорбит моддаси меъёрдан анча юқори бўлган, аммо бу ҳақда қадоқда ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган.

Ишлаб чиқаришда сифати шубҳали компонентлар ишлатилгани, қўшимча равишда маҳсулот таркиби ҳақида етарли ахборот берилмагани ҳам таҳлилчилар томонидан қайд этилган.
Тергов натижаларига кўра, бу “Kera Supergreens” қўшимчаси Нгуен ва унинг икки шериги асос солган компанияга тегишли экани аниқланди. Март ойида инфлюенсер жамоатчиликдан кечирим сўраб, жаримага тортилган бўлса-да, ҳозирда унга нисбатан жиноий иш очилди.
Аҳамиятлиси, можаро бошлангунча 100 мингдан ортиқ қути маҳсулот сотилган.
Нгуен Тҳук Тҳуй Тен Вьетнамда нафақат гўзаллик танлови ғолибаси, балки кўплаб телешоуларда иштирок этган машҳур шахс сифатида танилган. У мамлакат раҳбарияти томонидан бир неча марта рағбатлантирилган ва маҳаллий брендларнинг юзига айланган эди.
Zamin.uz таҳририяти ушбу воқеа ортидан косметика ва биоқўшимчалар бозорида шаффофлик ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари янада долзарб тус олаётганини қайд этади. Сиз бу каби сохта реклама ва маҳсулотлар ҳақида қандай фикрдасиз?
Вьетнам ИнфлюенсериНгуен Тҳук ТҳуйКера СупергринсБиологик ФаолРеклама МазмуниИстеъмолчи ҲуқуқиМаҳсулот СифатиШаффофлик МасалалариМожаро Оқиаси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар