
Жанубий Корея ва Шимолий Корея ўртасидаги таранг муносабатларда муҳим янгилик — 11 июнь куни Сеул ҳарбийлари чегара ҳудудида овоз кучайтиргичлар орқали узатиладиган ташвиқот эшиттиришларини тўхтатди. Бу қадам Корея ярим оролида ишонч ва тинчлик муҳитини тиклаш мақсадида амалга оширилди, деб хабар берди Yonhap агентлиги.
Расмий баёнотда қайд этилишича, “ушбу қарор Корея халқлари ўртасидаги ишонч ва ўзаро ҳурматни тиклаш, тинчлик йўлидаги ислоҳотларнинг бир қисми” ҳисобланади. Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, сўнгги йилда икки давлат ўртасидаги тангликка чегарадан шарлар орқали чиқинди юбориш, овозли ташвиқот эшиттириш каби турли чоралар сабаб бўлган эди.
Маълумки, бир йил аввал Шимолий Корея чегарадан чиқинди билан тўлдирилган шарларни Жанубий Корея ҳудудига йўллаган, бунга жавобан Сеул овоз кучайтиргичлар орқали ахборот, К-поп қўшиқлари ва қочишга чақириқлардан иборат эшиттиришларни қайта бошлаган эди. Бу эшиттиришлар кундузи 10 километр, кечаси эса 24 километргача масофада эшитилиши ва Шимолий Корея аскарларига таъсир ўтказиши мумкинлиги айтилади.
Янги қарор эса ҳар икки томоннинг муайян эркинликларга тайёр эканини ва муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга интилувчанлигини кўрсатади. Шимолий Корея ҳам чегарадан чиқинди шарлари юборишни тўхтатгани маълум қилинди.
Айтиш жоиз, 3 июнь куни Жанубий Кореяда муддатидан олдин президентлик сайлови бўлиб ўтди ва унда мухолифатдаги Тобуро демократик партияси вакили Ли Чжэ Мён ғалаба қозонди. У сайловолди кампаниясида айнан Пхенянга қарши ташвиқот ишларини, овозли эшиттириш ва варақа тарқатиш кампанияларини тўхтатишга ваъда берган эди. Янги президентнинг бу сиёсий қадами Корея ярим оролидаги вазиятни юмшатиш ва икки халқ ўртасидаги ишончни тиклашга хизмат қилади, деб умид қилинмоқда.
Экспертлар фикрича, бу чора икки давлат ўртасидаги музокараларга замин яратиши ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Корея ярим оролидаги сиёсий ўзгаришлар эса бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар