date

Falcon 9 Исроил сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди

Falcon 9 Исроил сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди
Америкада ишлаб чиқилган Falcon 9 ракетаси 13 июль куни яна бир бор осмон сари парвоз қилди. Ушбу сафар у Исроилга тегишли бўлган янги авлод алоқа сунъий йўлдоши — Dror-1’ни муваффақиятли равишда орбитага олиб чиқди, деб хабар берди space.com.

Маълумотларга кўра, ракета Флоридада жойлашган Канаверал бурнидаги АҚШ Космик кучларининг 40-старт майдончасидан учирилган. Учиш жадвалида ҳеч қандай кечикиш кузатилмаган. Унинг бортидаги сунъий йўлдош – Исроил мудофаа саноати томонидан ишлаб чиқилган Dror-1 бўлиб, мамлакат ҳукумати буюртмасига биноан яратилган.

Бу аппарат Исроилнинг алоқа инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва хавфсиз ахборот узатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Нархи тахминан 200 миллион долларни ташкил этувчи ушбу сунъий йўлдош камида 15 йил фаолият кўрсатиши кутилмоқда.

Унинг вазифаси нафақат фуқаролик алоқалари, балки ҳукумат, армия ва давлат хизматлари ўртасидаги маълумотларни ҳимояланган ҳолда узатишни таъминлашдан иборат. Таъкидланишича, бу сунъий йўлдошнинг учирилиши Исроилнинг глобал алоқа соҳасидаги мустақиллиги ва техник имкониятларини янада ошириб беради.

Фарқли жиҳатлардан яна бири шундаки, бу парвозда Falcon 9 ракетасининг биринчи поғонаси 13-маротаба ишлатилди ва парвоздан сўнг Атлантика океанидаги “Just Read the Instructions” номли денгиз платформасига вертикал равишда қўнди. Бу орқали SpaceX компанияси қайта фойдаланиш технологиясини яна бир бор амалда тасдиқлади.

Шунингдек, бундан бир неча ой аввал, аниқроғи январ ойида SpaceX БААга мансуб Thuraya 4 сунъий йўлдошини ҳам фазога учирганди. Ушбу аппарат Европа, Яқин Шарқ ва Африкада мобил алоқа хизматларини тақдим этиш учун мўлжалланган эди.

Мутахассислар таъкидлашича, SpaceX ва Falcon 9 ракеталари орқали амалга оширилаётган ҳар бир миссия нафақат астрономик мақсадларга хизмат қилмоқда, балки замонавий ахборот технологиялари, мудофаа салоҳияти ва геосиёсий нуфузни ҳам кучайтираётганини кўрсатмоқда.

Янги сунъий йўлдошлар замонавий дунёда нафақат маълумот алмашишни, балки миллий хавфсизликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Dror-1 мисолида бу яна бир бор ўз исботини топди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Falcon 9 Исроил сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди