Россиянинг Камчатка яриморолида 8,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Бу 1952-йилдан буён ушбу ҳудудда қайд этилган энг кучли ер силкиниши ҳисобланмоқда.
Зилзиланинг эпицентри Камчатка яримороли ҳудудига тўғри келиб, кучли ер силкинишлари нафақат Россия, балки Тинч океани бўйларидаги бошқа давлатларга ҳам хавф туғдирмоқда. Сиесмологлар бир неча бор такрорий ер силкинишлари — афтерсчоклар бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ушбу кучли табиий офатдан сўнг Россия ҳукумати Курил оролларида сунами хавфини расман эълон қилди. Япония томон эса 3 метр баландликдаги сунами тўлқинлари яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирилди. Шу сабабли қирғоқбўйидаги аҳолининг фавқулодда эвакуация қилиниши бошлаб юборилди.
Бундан ташқари, АҚШнинг Ғарбий соҳиллари — хусусан, Аляска, Калифорния ва Гавайи оролларида ҳам сунами хавфига доир махсус огоҳлантириш берилди. АҚШнинг Миллий океан ва атмосфера маъмурияти (НОАА) эҳтимолий хавфга қарши огоҳлик даражасини оширди.
Айни пайтда зилзила оқибатида қурбонлар ёки жиддий вайронагарчиликлар ҳақида расмий маълумот йўқ. Бироқ қидирув ва қутқарув гуруҳлари тайёр ҳолатга келтирилиб, хавфли ҳудудлар устидан назорат кучайтирилган.
Халқаро сиесмологлар фикрича, бу зилзила “Тинч океани олов ҳалқаси”да сейсмик фаолликнинг кучайганидан далолат беради. Мутасаддилар барча аҳолига ҳушёрликни ошириш ва фавқулодда вазиятларга тайёр бўлишни қатъий тавсия қилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!