Сан-Паулу университети астрономлари Венера орбитаси атрофида ҳаракатланувчи ва замонавий телескопларда деярли кўринмайдиган астероидлар гуруҳини топишди. Бу ҳақда Astronomy & Astrophysics журнали маълум қилди.
Мутахассислар уларни “Венера ко-орбитал астероидлари” деб атайди. Улар сайёра атрофида ноаниқ траектория бўйлаб ҳаракат қилади ва ҳар 12 минг йилда хавфсиз ҳолатдан Ер учун таҳдидли ҳолатга ўтиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, айланма орбитадаги бундай объектлар энг катта хавф туғдиради. Чунки улар Қуёшга яқинлиги сабабли телескопларда кузатиш учун энг қийин ҳисобланади.
Тадқиқот муаллифи Валерио Каррубанинг айтишича, “Диаметри 300 метр бўлган астероид 4,5 километргача кратер ҳосил қилиши ва юзлаб мегатонна энергия чиқариши мумкин. Агар аҳоли яшайдиган ҳудудга йиқилса, оқибатлари фожеали бўлади”.
Маълум бўлишича, ҳатто энг замонавий расадхоналар ҳам бундай астероидларни йилига фақат бир-икки ҳафта кузата олади. Шу боис олимлар Қуёш атрофидаги фазони кузатиш учун махсус космик телескопларни ишга тушириш ғоясини илгари сурмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!