Астероидни ядровий портлаш билан парчалаш таклиф қилинди

Хитойлик олимлар диаметри қарийб 100 метр бўлган астероид йўналишини ядровий қурилма ёрдамида ўзгартириш ёки уни парчалаш усулини таклиф қилди. Ракета ташувчи технологиялар академияси тадқиқотчилари моделлаштириш орқали қурилмани астероид юзасидан тахминан 30 метр чуқурликда портлатиш самаралироқ бўлишини аниқлади.
Ерга хавф туғдириши мумкин бўлган йирик астероидларни зарарсизлантиришнинг янги усули таклиф қилинди. Хитойлик олимлар диаметри қарийб 100 метр бўлган астероидга ядровий қурилма ёрдамида таъсир кўрсатиш орқали унинг йўналишини ўзгартириш ёки парчалаш мумкинлигини ўрганди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.
Хитойнинг Ракета ташувчи технологиялар академияси тадқиқотчилари турли сценарийларни компьютер моделлаштириш орқали синовдан ўтказган. Уларнинг хулосасига кўра, аввал астероид юзасида чуқурроқ кратер ҳосил қилиш, кейин эса қурилмани шу ҳудудга жойлаштириш портлаш самарадорлигини ошириши мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, ядровий қурилмани астероид юзасидан тахминан 30 метр чуқурликда портлатиш унинг ҳаракат йўналишини ўзгартиришда саёзроқ портлашга нисбатан анча самарали бўлади. Тадқиқотда қуввати Хиросима бомбасига тенг бўлган 200 та қурилма қўлланганда, диаметри 100 метр атрофидаги астероидни парчалаш имконияти ҳам кўриб чиқилган.
Олимларнинг фикрича, бундай технология Ерга хавфли астероид қисқа муддат ичида яқинлашиб келган ҳолатларда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Чунки айрим вазиятларда астероидни бошқа усуллар ёрдамида хавфсиз йўналишга буриш учун етарли вақт бўлмаслиги эҳтимоли мавжуд.
Астероидларни ҳимоялаш борасида бошқа амалий тажрибалар ҳам ўтказилган. Масалан, NASAнинг 2022 йилдаги DART миссияси давомида космик аппарат астероидга урдирилиб, унинг орбитаси муваффақиятли ўзгартирилган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар ядровий усул ҳозирча назарий ва моделлаштириш босқичидаги ёндашув эканини таъкидламоқда. Янги тадқиқот эса келажакда Ерга хавф туғдириши мумкин бўлган йирик осмон жисмларидан ҳимояланиш технологияларини такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…