Америкалик машҳур тадбиркор ва миллиардер Илон Маск ўзининг сунъий интеллект компанияси xAI орқали бутун дунё эътиборини қозониши кутилган лойиҳани эълон қилди. Унинг маълум қилишича, энди омма учун “Grokipedia” деб номланган янги онлайн энциклопедия ишлаб чиқилмоқда.
Маскнинг таъкидлашича, мазкур ресурс аслидаги Wikipedia’дан фарқли равишда, ҳозирда тақиқланган деб ҳисобланган ва иқтибос қилишга рухсат берилмаган манбаларга ҳам асосланади. Ушбу жараён энциклопедияни кенг қамровли қилиш, маълумотлар турли қарашларни қамраб олишига замин яратиши мақсадида амалга оширилади. Миллиардер бу ҳақда ўзининг Х ижтимоий тармоғида ёзиб ўтди.
Grokipedia ғояси Wikipedia’нинг айрим оммавий ахборот воситалари — Fox News, Breitbart, Daily Caller, Epoch Times, New York Post ва Federalist каби нашрларнинг мақолаларига иқтибос беришни тақиқлагани ортидан пайдо бўлди. Бу ҳолат кўплаб танқидларга сабаб бўлган эди. Масалан, собиқ инвестиция банкири Жон Лефевре буни “бир томонлама чеклов” сифатида баҳолаган, инвестор Дэвид Сакс эса бундай тақиқланган манбалардан келиб чиққан ҳолда “Wikipediaни қайтадан ёзиш учун катта имконият” мавжудлигини таъкидлаган.
Илон Маск ушбу фикрларга жавобан, ҳақиқатдан ҳам xAI энциклопедия ишлаб чиқишни бошлаганини тасдиқлади. Унинг таъбири билан айтганда, янги лойиҳа “бутун инсоният билими учун хизмат қилади” ва унинг натижалари барча учун очиқ бўлади. Миллиардер бу қадамни нафақат Wikipedia’ни яхшилаш, балки xAIнинг “коинотни тўлиқ англаш” мақсадини амалга оширишдаги муҳим босқич сифатида кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Илон Маск аввал ҳам Wikipedia’ни танқид қилиб, порталдан унинг ижтимоий тармоғи — Х бўйича фактларни текширишда ишониш мумкин эмаслигини айтган эди. Унинг янги ташаббуси эса энциклопедия соҳасида янги даврни бошлаб бериши мумкин, деган қарашлар билдирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!