date

Ким Чен Ин: «махсус ресурслар» АҚШга жавоб сифатида

Ким Чен Ин: «махсус ресурслар» АҚШга жавоб сифатида

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Вашингтоннинг Жанубий Кореяда ҳарбийлар сонини кўпайтиришига реакция сифатида КХДР «махсус ресурслар»ни фаоллаштирганини маълум қилди. Корея Меҳнат партияси тузилганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий кўргазмага ташриф чоғида айтилган бу баёнотни КМТА 5 октябр, якшанба куни эълон қилди.

«Душманларимиз ўз хавфсизлиги ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керак, деб ҳисоблайман», — деди Ким Чен Ин. Унинг таъкидлашича, «АҚШ–Жанубий Корея ядровий иттифоқи шиддат билан кенгайяпти, хавфли сценарийларни амалда синаш учун турли машқлар ўтказиляпти. АҚШ жанубда ҳарбий салоҳиятини ошириб борган сари, минтақага нисбатан бизнинг стратегик хавотирларимиз ҳам кучаймоқда», деб ёзади AFP.

КМТА «махсус ресурслар»нинг аниқ нималигини очиқлагани йўқ. Аммо агентлик тарқатган суратларда Ким Чен Ин ёпиқ павильонда генераллар ҳамроҳлигида турли қурол-аслаҳалар, жумладан, ракеталар қаторидан ўтаётгани кўринади.

Сеул расмийларининг айтишича, Пхеньян Москва билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаяпти, Пекин билан алоқаларни ҳам чуқурлаштирмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ким Чен Ин сентябр ойида Хитойга ташриф буюрган.

AFP маълумотларига кўра, АҚШ шимолий таҳдидларга қарши туриш мақсадида Корея яриморолининг жанубий қисмида тахминан 28,5 минг аскарини доимий равишда сақлайди. Шунингдек, Вашингтон 15–19 сентябрь кунлари Жанубий Корея ва Япония билан Iron Mace қўшма машқларини ўтказган.

Ҳарбий риторика кучайган бир пайтда КХДРнинг «махсус ресурслар» ҳақидаги ишораси минтақадаги мувозанат ва хавфсизлик кун тартибининг янада оғирлашганидан дарак бермоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ким Чен Ин: «махсус ресурслар» АҚШга жавоб сифатида