Қирғизистонда мамлакат пойтахтини кўчириш масаласи яна кун тартибига чиқди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бу ғояни инкор этмади ва келгусида Манас шаҳри давлат марказига айланиши эҳтимолини билдирди.
Ташиевнинг айтишича, 2026 йилда Манасга республика аҳамиятидаги учинчи шаҳар мақоми берилиши режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, бу қарор стратегик жиҳатдан тўғри ва мамлакатнинг келгуси ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.
“Кўпчилик ‘Манас пойтахт бўлади’ деб гапиряпти. Агар бу қарорни ҳаётга татбиқ этишга ҳақиқатдан ҳам лойиқ бўлсак — нега йўқ? Лекин пойтахт бўлиш фақат ном эмас, балки катта масъулиятни талаб қилади. Шаҳар ҳам, халқ ҳам бу вазифага тайёр бўлиши керак — иқтисодий, инфратузилмавий ва маънавий жиҳатдан”, — деди Ташиев.
Маълумот учун, сўнгги ойларда Манасда қурилиш ва инфратузилма ишлари жадал суръатда амалга оширилмоқда. Янги маъмурий бинолар, йўллар ва ижтимоий объектлар барпо этилаётгани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, Жалолобод шаҳри номи 17 сентябрь куни расман Манас деб ўзгартирилган, бу эса мамлакатда янги бошланиш рамзи сифатида қабул қилинган эди.
Мутахассислар фикрича, агар Манас пойтахт мақомини олса, бу Қирғизистоннинг иқтисодий ва сиёсий марказини қайта шакллантириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!